Олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифалар ижроси

Мамлакатимизда таълимга қаратилаётган эътибор ҳар қачонгидан юқори. Зеро, мамлакат келажаги, барча соҳалар ва лойиҳалар муваффақияти билимли инсонларга боғлиқ.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган «Макроиқтисодий сиёсат юритиш ва унда кадрлар салоҳияти ҳал қилувчи омил» мавзусидаги семинарда ана шу ҳақида сўз борди.

Бу тадбир айтиш мумкинки, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил 4 март куни олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларнинг амалий ижроси бўлди.

Семинарда ректор Қўнғиротбой Шарипов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Макроиқтисодий сиёсат, таҳлил ва прогнозлаш департаменти директори Абдумалик Жалилов ва Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, академик Қаландар Абдураҳмонов сўзга чиқиб, иштирокчиларни ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича режалари билан таништирдилар.

Таъкидландики, олийгоҳлар ва хусусий сектор ўртасида ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш, битирувчи талабаларни иш билан банд қилиш, иш берувчилар билан ҳамкорликда вакансия ва амалиёт ярмаркалари, ёшлар билан бизнес учрашувлар ташкил этиш ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ёшлар — миллат тараққиётининг ҳал қилувчи кучи, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда асосий драйвердир. Бутун дунёда ёшлар ҳар бир давлатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий бойлиги, сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс куч ҳисобланади. Бу борада Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари И. Норқулов қуйидагиларни гапириб ўтди:

— Бугунги кунда вазирлигимиз олийгоҳлар билан ҳамкорлик тизимини яратиб, талабаларнинг бандлигини таъминлаш борасида тизимли фаолиятни йўлга қўйди. Бундай имконият илгари талабалар учун орзу бўлган. Ҳозир сизларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, грантлар ва шартномавий келишувлар келажакда ўз соҳангизда самарали илмий ишлар олиб боришингиз, давлатимиз ривожига ўз фарзандлик ҳиссангизни қўшишингиз учун чин маънода катта имкониятлар эшикларини очади.

 

Бугун олдимизда тезроқ ва сифатли ечимларга олиб келишимиз лозим бўлган бир қанча долзарб масалалар бор. Бу — макроиқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, камбағалликни қисқартириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, рақамли ва инновацион яшил иқтисодиётни жорий қилиш, давлат инвестиция сиёсатини юритиш ва мувофиқлаштириш каби улкан мақсадларни ўзида ифода этади.

Семинар давомида, сўз чиққанлар томонидан қишлоқ хўжалиги ислоҳотлари ва ички озиқ-овқат бозори барқарорлиги, инсон капиталини ривожлантириш ва демография жараёнларини мувофиқлаштириш ҳамда саноат сиёсатини юритишда базавий тармоқларни ривожлантириш борасида фикр-мулоҳазалар юритилди. Бугунги кун мутахассислари учун амалиётда қўйилаётган талаблар ҳақида маълумотлар берилиб, тавсиявий маслаҳатлар айтиб ўтилди.

— Мамлакат иқтисодиётини эртангги босқичини сиз ёшлар бошқарсиз. Шунинг учун сиздан қунт билан адабиётларни ўқиш, ўз касбингизни маҳоратли эгаси бўлиш учун фанларни чуқур ва таҳлилий ўзлаштириш, талаб этилади. — деди академик Қ. Абдураҳмонов. — Негаки, бугун сизга давлат раҳбари катта ишонч билдириб, мамламакат иқтисодиётнинг сезиларлари қисмини таълим, таълимга ва яна бир бор таълимга ажратмоқда. Бу юксак ишонч, аввало, сизларга катта масъулият юклайди.

Семинар сўнггида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутасаддилари томонидан танлов асосида ишга қабул қилиниш тартиблари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишга муваффақ бўлдилар.