Филиал олимлари Вебинарда

Ўзбекистон касаба  уюшмалари Федерациясида дунёнинг барча мамлакатларида Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ташаббуси билан нишонланадиган “7 октябрь- Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни”га бағишлаб “Касаба уюшмалари ва ностандарт бандлик” мавзусида Вебинар ўтказилди.

Тадбирда  Г.В.Плеханов номидаги РИУнинг Тошкент филиали директори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги Қ.Х. Абдураҳмонов иштирок этди.

Тадбир очилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Мирсагатович Рафиков  таъкидлаганидек – бу йил Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни нишонланаётганига 13 йил тўлади. 2008 йилдан бери бутун дунёда ушбу кунни нишонлашда 100  миллиондан кўп меҳнаткашлар иштирок этиб келмоқда.

Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан яратилган Муносиб меҳнат Концепцияга биноан маҳсулдор бандлик ва муносиб иш – адолатли глобаллашувга эришиш, камбағаллик кўламини қисқаритириш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Муносиб меҳнат концепцияси қуйидаги тўртта муҳим стратегик мақсадларга таянади:

– меҳнат соҳасида асос солувчи ҳуқуқларни рўёбга чиқариш;

– бандлик ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш;

– ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш;

– ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш.

Бундай ёндашувнинг ҳуқуқий негизи сифатида Халқаро меҳнат ташкилотининг 8 та асос солувчи конвенциялари хизмат қилади ва улар мажбурий ва болалар меҳнатига бархам бериш, меҳнат соҳасида камситишларга йўл қўймаслик, бир ҳил меҳнат учун хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳақ тўлаш, касаба уюшмаларига бирлашиш ва жамоа музокараларини олиб бориш эркинлиги масалаларини қамраб олган.

Ушбу концепциядан келиб чиққан ҳолда, Муносиб меҳнатнинг қуйидаги жиҳатлари ўта муҳим ҳисобланади:

– барқарор бандликни таъминлаш, ушбу соҳада камситишларни йўқ қилинишинига алоҳида эътибор қаратиш;

– ҳар бир меҳнаткаш билан меҳнат шартномаси тузилишига эришиш;

– ходимга унинг ўзи ва оиласи учун муносиб турмуш шароитларини яратишга етарли бўлган миқдорда иш ҳақи тўлаш;

– қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш;

– ижтимоий суғурта ва ижтимоий ҳимоянинг самарали тизимларини ривожлантириш;

– меҳнаткашлар учун касаба уюшмаларига бирлашиш, жамоа музокараларини юритиш ва жамоа шартномаларини тузиш ҳуқуқини таъминлаш;

– мажбурий ва болалар меҳнатининг барча кўринишларини йўқ қилиш.

Муносиб меҳнат нафақат ижтимоий адолат тамойилларини балки иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва ривожланишини, жамиятда манфаатлар уйғунлигини таъминловчи омил ҳисобланади.

2013 йилдан буён Муносиб меҳнат куни Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан ҳам кенг нишонлаб келинмоқда.

Бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда давлат органлари ва иш берувчилар бирлашмалари ҳам муносиб меҳнатни жорий этишга тайёрлигини намоён қилиб касаба уюшмалари билан биргаликда бу кунги тадбирларда фаол иштирок этишади.

Маълумки бугунги кунда Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ва Касаба уюшмалари умум конфедерацияси жаҳон иқтисодиёти характерини тубдан ўзгартириш, унинг меҳнаткашлар манфаатлари тўлақонли ҳисобга олинишини таъминловчи буткул янги моделини қуриш ғоясини ёқлаб чиқмоқда.

Бу борадаги муҳим қадам сифатида барча учун меҳнат ҳуқуқларини кафолатловчи Янги глобал ижтимоий битимни тузиш ғояси илгари сурилмоқда.

Жорий йил 7 октябрь байрамини нишонлаш тадбирлари бутун дунё мамлакатлари иқтисодиётига мисли кўрилмаган талофат етказган, меҳнат муносабатлари ва ижтимоий соҳани ларзага солган Ковид-19 пандемияси шароитида ўтмоқда.

Ушбу инқироз оқибатида дунё бўйлаб 400 миллион иш ўрни йўқотилиши, натижада миллионлаб меҳнаткашлар камбағаллик гирдобига тушиб қолиши эҳтимоли бор.

Бу шароитда касаба уюшмалари хавф-хатарсиз бандлик ва даромадларнинг муносиб даражаси таъминланиши, ижтимоий ҳимоя чоралари кучайтирилиши, ходимлар ва касаба уюшмаларининг асосий ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, самарали ва ҳаммабоп соғлиқни сақлаш тизимлари яратилиши, ижтимоий мулоқот қўллаб қувватланиши, халқаро меҳнат нормаларига риоя этилиши масалаларида ҳукуматларга кўмаклашмоғи лозим.

Пандемия келтириб чиқарган қийинчиликлардан биринчи галда норасмий ва ностандарт банд ходимлар ҳамда меҳнат мигрантлари азият чекишини ҳисобга олган ҳолда вебинарда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди:

ностандарт бандлик турлари ва ўзига хос хусусияти;

мавсумий ва бошқа ностандарт бандлик шаклларига тадбиқ этиладиган халқаро меҳнат стандартлари;

пахта теримчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини ифода этишда касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Бош прокуратура ва бир қатор манфаатдор вазирлик ва идорлар вакиллари, шунингдек таниқли иқтисодчи олим академик Қаландар Абдураҳмоновнинг онлайн тарздаги иштирокида ўтди.

Барча тармоқлар ва ҳудудларнинг касаба уюшмалари етакчилари ва масъул ходимлари, пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни мониторинг қилиш ҳудудий гуруҳлари аъзолари, касаба уюшмаларининг Юридик клиникаси мутахассислари ва меҳнат инспекторлари вебинарда видеоконференц алоқа шаклида иштирок этишди.

Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюросининг  Европа ва Марказий Осиё бўлими мудири  Сергеюс Гловацкас, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Бутуневропа минтақавий кенгаши Ижроия котиби Антон Леппик, Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари Гоча Александриа, Виктор Хьюго Рико, Анастасия Дубова, Азизхон Ханходжаевлар масофадан туриб иштирок этишди.

Вебинар якунлари бўйича тавсиялар қабул қилинди.