Филиалда Давлат тили куни

2019-йил 21-октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган кунга 30 йил тўлди.

Шу муносабат билан, 2019 йил 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинганининг  ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.   

Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқни, энг аввало, ёш авлодни миллий қадриятларга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамиятини тобора ортиб бораётган инобатга олган ҳолда, Президент қарори билан «Давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирлар дастури тасдиқланди.

Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг  Тошкент филиалида «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.

Филиалдаги тантанали тадбирга  Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вакиллари- «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири, шоир Сирожиддин Рауф, Ёзувчилар уюшмаси бўлиб бошлиғи, шоира Маъмура Зоҳидовалар ташриф буюришди.

Г.В.Плеханов номидаги РИУ Тошкент филиали ректори ЎзР ФА академиги Қ.Абдураҳмонов тадбирнинг  тантанали қисмини очар экан, ўтган йиллар давомида  она тилимиз  мустаҳкам ҳуқуқий  асос ва юксак мақомга эга эканини, бугунги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг  барча жабҳаларида – давлат ва жамият  бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, фан, таълим ва тарбия, тиббиёт, маданият ва санъатда фаол фойдаланилмоқда, халқаро минбарлардан баланд овозда эшитилмоқда дея  таъкидлади.

Тадбирда «Шарқ юлдузи » журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф сўзга чиқиб, ўзбек тили дунёнинг қадимий ва бой тилларидан бири сифатида халқимизнинг миллий онги ва мустақил давлатчилиги, унинг бебаҳо маънавий бойлиги ва мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий ривожланишида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган буюк қадрият рамзи эканини таъкидлади.

Ҳар бир миллатга хос бўлган юксак қадриятлар, инсоний фазилатлар, фикрлаш тарзи тилда акс эттирилган. Шунинг учун она тилини улуғлаш, унинг доимий ривожланиш динамикасини таъминлаш миллат тараққиётининг кафолати ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистонда она тилини ҳимоя қилиш, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда,- дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси бўлим бошлиғи Маъмура Зоҳидова.

Шу билан бирга, меҳмонлар ва тантанали тадбир иштирокчилари учун Г.В.Плеханов номидаги РИУнинг Тошкент шаҳридаги филиали талаба ёшлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг бешта ташаббусининг амалга оширилиши ва инсон капиталини ривожлантиришнинг  муҳимлиги билан ҳамоҳанг бўлган «Беш ака-ука» театрлаштирилган спектаклини намойиш этдилар.

 

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинган кунга 30 йил тўлганлиги муносабати билан, филиал Ахборот – ресурс маркази томонидан китоб кўргазмаси, шунингдек Г.В.Плеханов номидаги РИУ нинг Тошкент филиали Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан яқин ҳамкорлиги ҳақида ҳикоя қилувчи фотокўргазма ҳам ташкил этилди.