Илмий мактабнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

 2021 йил 7 апрель куни Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги “Аҳолишунослик ва меҳнат иқтисодиёти” илмий мактабининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда ЎзФА академиги Қаландар Абдураҳмонов иштирок этиб, илмий мактаб аъзоларининг илмий-тадқиқот ишлари билан яқиндан танишди. Тадқиқотчиларнинг илмий иш мавзулари, олинган натижалари ва келгусидаги режалари бўйича тегишли тавсиялар берди. Шунингдек, “Аҳолишунослик ва меҳнат иқтисодиёти” илмий мактаби аъзолари ҳамда Инсон ресурсларини бошқариш кафедраси профессор-ўқитувчилари, докторантлар ва мустақил тадқиқотчиларга бугунги кунда демография, меҳнат иқтисодиёти, инсон ресурсларини бошқариш соҳасидаги долзарб муаммоларни чуқур таҳлил этиб, хорижий тажрибалар асосида илмий асослаш тавсия этилди.

Бундан ташқари йиғилишда ТДИУ қошидаги “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари” тадқиқот маркази директори Муҳиддин Калонов иштирок этиб, илмий мактаб ва тадқиқот маркази ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришни таклиф этди.

Йиғилиш сўнггида илмий мактаб асосчиси, академик Қаландар Абдураҳмонов томонидан ТДИУ ректори, проф. Қўнғиротбой Шариповга “Меҳнат иқтисодиёти” дарслигининг қорақалпоқ тилидаги янги нашри,  шунингдек, академик таҳрири остида, буюк итальян ёзувчиси Данте Алигьерининг Абдулла Орипов томонидан таржима қилинган “Илоҳий комедия: Дўзаҳ” асарининг янги чоп этилган нусхаси тақдим қилинди.

Йиғилиш қизғин мунозара ва мазмунли савол-жавобларга бой руҳда ўтди.