Ўзбекистон ташқи сиёсати дўстона муносабатларга таянган

Ўзбекистон — дунёга очиқ мамлакат. Шу билан бирга, жаҳон ҳамжамияти ҳам мамлакатимиз билан ҳамкорлик қилишга, ташқи сиёсатимизнинг бош мезонига айланган дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга интилмоқда.

Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётан сиёсатнинг амалий самараси, меваси, натижасидир.

Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият юрита бошлаган илк йилларданоқ, Ўзбекистоннинг халқаро доирадаги нуфузини янада оширишга киришди. Олдимизга қўйилган катта мақсадларни юксак минбарлардан туриб баралла айтди. Ана шу ортга қайтмас ислоҳотлар самарасини бугун ҳар жабҳада ўзгаришларда яққол ҳис этиб, кўриб, билиб турибмиз.

Ўзбекистоннинг ўзига хос сиёсат йўли турли халқаро учрашув ва мулоқотларда ўз аксини топиб боряпти. Президентимиз томонидан юксак минбарларда илгари сурилган ташаббуслар фаол қўллаб-қувватланаётгани ҳам бор гап. Дунёдаги энг йирик тузилма — БМТ Бош Ассамблеясининг 72–75-сессияларида айтилган гаплар асосида махсус дастур ва ҳужжатлар қабул қилингани бунга мисол. Бундай тузилмаларда ўз фикри ва сўзини айта олиш сиёсатимизнинг асосий жиҳатларидан бирига айланмоқда.

Куни кеча Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС бирлашмаси давлатларининг саммити ҳам ана шундай жиҳатлари билан алоҳида ажралиб турди. Яъни давлатимиз раҳбари “БРИКС плюс” форматидаги саммитдаги нутқида ҳозирги дунё олдидаги глобал ва ўткир муаммоларни ўртага ташлади. Уларга ечим топиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. “… Афсуски, бугунги кунда дунё жадал бўлиниб бормоқда. Инсонларга улкан азоб-уқубатлар, оғир изтироб ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишлар келтираётган уруш ва можаролар сони ортмоқда.

Жаҳон иқтисодиёти ва савдосининг парчаланиб бораётгани тенгсизлик, технологик узилишлар ва протекционизмни кучайтирмоқда. Мамлакатлар ўртасида янги тўсиқлар вужудга келмоқда”, деди давлатимиз раҳбари ўз нутқида.

Ҳа, бугун дунё беқарор. Қарорлар ўзгарувчан, бозорлар ишончсиз. Бундай шароитда эса муроса энг биринчи дастакдир. Келишиб, муроса қилиб иш қилинмас экан, натижа ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Эътиборлиси, Ўзбекистон сиёсати, аввал бошданоқ, шунга йўғрилган. Ўзбекистон ҳар бир давлат билан дўстона ҳамкорлик қилишни истайди. Жумладан, БРИКС аъзолари билан ҳам. Бинобарин, ҳозирги кунда тузилмага аъзо тўққиз давлатнинг дунё иқтисодиётидаги ўрни катта. Шу билан бирга, 3,24 миллиард киши БРИКС давлатларида яшайди. Бу дунё аҳолисининг 40 фоизидан кўпроқ, дегани. Таҳлилларга кўра, 2030 йилга бориб, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 50 фоизи ушбу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Сўнгги йилларда ташкилотнинг халқаро таъсир доираси кенгайиб, унга кириш истагини билдираётганлар ҳам кўпаймоқда.

Дунё нуфусининг қарийб ярми, ялпи ички маҳсулотининг ярми — бу катта истеъмол бозори, дегани. Дунё бозорида рақобат кучайиб, хомашё нархлари тез-тез ўзгараётган ҳозирги шароитда санаот ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга интилаётган мамлакатимиз учун эса катта имконият. Ўзи, умуман, ички имкониятларни ишга солиш ҳисобига жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатимиз иқтисодиёти 6,6 фоизга ошгани, экспорт қарийб 19 фоиз ўсгани халқаро алоқалар мустаҳкамланишга асос яратади. Чунки барқарор ривожланиш кузатилган иқтисодиётга қизиқиш доим юқори бўлган.

Дастлаб беш мамлакатни бирлаштирган мазкур тузилма таркиби йил сайин кенгайиб, ҳудуд, аҳоли ва ЯИМ кўрсаткичи бўйича сайёра миқёсида йирик уюшмага айланиб боряпти. Унинг фаолияти эса изчил, фаол, прагматик, очиқ ва шаффоф мулоқот, ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.

БРИКСнинг навбатдаги саммитида Қозон декларациясини қабул қилинди. Ҳужжатда умумий манфаатлар асосида стратегик шериклик алоқаларини янада ривожлантириш қайд этилди. Глобал жараёнларга кам ривожланаётган мамлакатлар, хусусан, Африка давлатларини кенгроқ иштирок этишга чақирилди. Украина урушини мулоқот орқали тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича воситачилик таклифлари келтирилди. Иқлим ўзгаришига қарши курашиш каби масалалар акс эттирилди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолпилардан холи бўлган конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш бўйича билдирилган даъватларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўзбекистон бундан буён ҳам БРИКС давлатлари билан шериклик алоқаларини фаол ривожлантириш ниятида эканлиги, ушбу бирлашма доирасида очилаётган янги имкониятлардан самарали фойдаланиши айтилди.

“Биз, шунингдек, инновация, рақамли иқтисодиёт, “яшил” тараққиёт ва энергетика, тўсиқларсиз электрон тижорат каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз”, — деди давлатимиз раҳбари ўз нутқида.

Статистика идораси маълумотларига кўра, жорий йилнинг саккиз ойида Ўзбекистон 188 мамлакат билан савдо алоқаларини амалга оширган. Ташқи савдо айланмаси ҳажми 42,7 миллиард долларига етган.

Саммит доирасида давлатимиз раҳбари Туркия, Хитой, Миср, Ҳиндистон, Вьетнам каби давлатлар етакчилари, шунингдек, Янги тараққиёт банки, “Сбербанк” сингари молиявий ташкилотлар раҳбарлари билан билан учрашиб, музокаралар ўтказгани бу борадаги кўрсаткичлар янада ортишига замин яратади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Татаристон Республикаси давлат мукофоти — “Дўстлик” ордени билан тақдирланиши эса Ўзбекистон ва Татаристон ўртасидаги муносабатлар нечоғлик юқори чўққига чиққанлигини англатади.

Умуман олганда, бугунги кунда Ўзбекистон юритаётган сиёсат мазмун-моҳияти ҳамкорликни ривожлантириш орқали халқлар фаровонлигини таъминлаш, дўстликни мустакамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

академик