«Шарафли ҳаёт йўллари»

28 январь санасидаги «Миллий тикланиш» газетасининг 4-саҳифасида шоира ва журналист Сайёра Тўйичиева қаламига мансуб «Шарафли ҳаёт йўллари» сарлавҳали мақола чоп этилди.

Ушбу мақолада Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, иқтисод фанлари доктори, профессор Қаландар Абдурахмановнинг ҳаёт йўли ва илмий фаолияти самимий таъсирчан тарзда ёритилган.

“Ватан равнақи – илмдандур. Зеро, илм юксалган юртдагина фан ривожланади, илмий изланишлар, кашфиётлар, тадқиқотлар мамлакатни, миллатни дунёга танитади. Ал-Хоразмийнинг дунёга санашни ўргатгани, Ал-Фарғонийнинг нилометри, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Мирзо Улуғбекнинг 1018 та юлдуз харакатлари жадвалини асослаб бергани, Эйнштейннинг  нисбийлик, Ньютоннинг бутун оламни тортишиш  кучи назариялари ёки менделеев даврий  жадвали илмнинг мўъжиза эканига далолатдир”.

Мақолада муаллиф академикнинг болалик давридан бошлаб устозликкача бўлган йўлини, меҳнат бозори, инсон капитали, ижтимоий-меҳнат муносабатлари  соҳасида яратган илмий мактаби, шогирдларга бўлган меҳри ва масъулиятини қалбдан чиққан сўзлар билан тасвирлайди.

«Дунёнинг кўрки – илм одамлари, билимдон кишилар, бузилмас дўстликлар ҳам улар орқали юксалар экан»,

деган фикрлар орқали илмга хизмат қилишнинг кандай масъулият экани яна бир бор ёдга солинади.

Мақоладан академик Қаландар Абдурахмановнинг илм ва ҳаётга муносабати, устоз-шогирд анъаналарига содиқлиги, турли ҳудудларда шаклланган илмий мактаблари, ёш кадрларга очган йўллари ҳақида кўплаб қизиқарли мулоҳазалар билан танишиш мумкин.

Илм, устозлик ва ватанпарварлик руҳини ўз ичига олган ушбу мақолани ўқиб чиқишни тавсия этамиз.

«Шарафли ҳаёт йўллари» сизга ҳам илмий меҳнатнинг ҳақиқий қиймати ва устоз сиймоси ҳақида ўйлаб кўришга туртки беради.