СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ВА ИҚТИСОДИЁТ: ЯНГИ ДАРСЛИКЛАР АВЛОДИНИ ЯРАТИШ ЙЎЛИДА

Академик Қаландар АБДУРАҲМОНОВнинг АҚШда чоп этилган “Сунъий интеллект даврида меҳнат иқтисодиёти” китоби дунё олимлари эътирофига сазовор бўлди.

Ҳозирги кунда технология оламида ҳайратланарли инқилобий ўзгаришлар юз бермоқда. Бутун дунёда сунъий интеллект ва робот техникаси кенг қўлланила бошланиши натижасида иқтисодиётда ва кундалик турмушда катта бурилиш, янги технологик инқилоб арафасида турибмиз. Бу масала рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнини амалга ошираётган Ўзбекистонда алоҳида долзарблик касб этади. Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги “Меҳнат иқтисодиёти ва инсон капитали” илмий мактаби ҳамда Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида “Иқтисодиётда сунъий интеллект асослари” ўқув фани бўйича дарслик яратилиши бугунги давр талабларига мос кадрлар тайёрлаш вазифасини самарали амалга оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди. Академик Қаландар Абдураҳмонов раҳбарлигида фаолият олиб бораётган иқтисодчи олимлар томонидан тайёрланган бу дарсликда сунъий интеллект ва робот техникасининг иқтисодиёт тармоқларига жорий қилиниши натижасида яратиладиган янги имкониятлар ҳамда юзага келадиган муаммо ва таҳдидлар муҳокама қилинган.