Филиал раҳбари, академик Қаландар Абдураҳмоновнинг Россия ва МДҲдаги энг йирик машинасозлик холдингларидан бирининг корпоратив таълим маркази — ТРАНСМАШХОЛДИНГ Корпоратив университетининг халқаро лойиҳалар раҳбари Даниил Тонконоженко билан учрашуви бўлиб ўтди.


ТРАНСМАШХОЛДИНГ транспорт машинасозлиги, муҳандислик кадрларини тайёрлаш, рақамлаштириш ҳамда замонавий корпоратив таълим ечимларини жорий этиш соҳаларида йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.



Ташриф давомида филиалнинг замонавий инфратузилмаси, Иқтисодиётда сунъий интеллект илғор муҳандислик мактаби фаолияти, таълим дастурлари, шунингдек, университетнинг илмий-тахлилий иш йўналишлари тақдим этилди.

Учрашув доирасида кадрлар тайёрлаш, қўшма таълим ва таҳлилий ташаббусларни амалга ошириш соҳасидаги шериклик алоқаларини ривожлантириш истиқболларига, шунингдек, барқарор ривожланиш ва корпоратив ижтимоий масъулият масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар замонавий ESG-ёндашувларни ўрганиш, инсон капиталини ривожлантириш ва корпоратив бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот ҳамда таҳлилий лойиҳаларда биргаликда иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

ТРАНСМАШХОЛДИНГ Корпоратив университети транспорт соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш йўналишида Тошкент давлат транспорт университети билан аллақачон қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошираётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Учрашув якунлари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликнинг қўшма йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
