Тошкентлик плехановчилар «Дипломатик марш» шахмат турнири ғолибига айланишди

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган Россия олий таълим муассасалари филиаллари ўртасида «Дипломатик марш» шахмат турнири бўлиб ўтди.

Турнир Ўзбекистонда шахматни ривожлантириш ва оммалаштириш борасидаги вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди. Мусобақада Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиаллари, жумладан, М.В. Ломоносов номидаги МДУ, МГИМО, И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети, МЭИ (Москва энергетика институти), Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети, Санкт-Петербург давлат университети (СПбГУ), шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети жамоалари иштирок этди.

Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиалининг талабалари ва ўқитувчилари юқори маҳорат намойиш этиб, турнирнинг барча тоифаларида совринли ўринларни қўлга киритдилар ва ўзларининг пешқадамлик мавқеларини ишончли тарзда исботладилар.

Профессор-ўқитувчилар таркиби ўртасида катта ўқитувчи Сирожиддин Машарипов ғолиб бўлди. Жамоа эса сардор Артур Осипян бошчилигида иштирок этди.

Йигитлар ўртасидаги баҳсларда бутун турнир давомида ишончли ва сермаҳсул ўйин кўрсатган талаба Давлатбек Маҳмуджонов биринчи ўринни эгаллади.

Филиал талаба қизлари Шириной Ҳамдамова ва Ирода Ҳасанова ҳам юқори натижаларга эришиб, муваффақиятли иштироклари учун диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Плехановчиларнинг ушбу ғалабаси филиал талабалари ва ўқитувчиларининг юқори интеллектуал салоҳиятига, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикасида шахмат ҳаракатини ривожлантиришдаги фаол иштирокига яна бир ёрқин исбот бўлди.