Тошкент филиалида 1- ва 3-босқич талабаларининг жорий йилнинг 18–22 май кунлари Москвадаги бош университетда бўлиб ўтган «РЭУ Лидерлари» таълим интенсиви иштирокчилари билан учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу интенсив турли филиаллар ва асосий университетнинг фаол ҳамда ташаббускор талабаларини бирлаштирди.


Талабалар стратегик сессиялар, экспертлар билан лойиҳавий ишлар, нутқ техникаси, рақамли одоб-ахлоқ (этикет) ва омма олдида чиқиш кўникмаларини ривожлантириш бўйича тренингларни ўз ичига олган мазмунли дастур ҳақида сўзлаб беришди. Уларнинг таъкидлашича, интенсивда иштирок этиш янги компетенцияларни эгаллаш, етакчилик фазилатлари ва жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам берган.


Тула вилоятидаги сайёр таълим сессияси, Л.Н. Толстойнинг «Ясная Поляна» музей-мулкига уюштирилган ташриф, шунингдек, дастурнинг индустриал ҳамкорлари — «Сбербанк» ПАЖ (публик акциядорлик жамияти) ва Тула савдо-саноат палатаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувлар ҳақидаги ҳикоялар талабаларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Мулоқот давомида қуйи босқич талабалари танлов саралаши, ўқишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда дастур доирасида шахсий ва касбий ривожланиш имкониятлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлдилар.

«Мен учун нафақат янги компетенцияларга эга бўлиш, балки бу тажрибани филиал талабалари билан бўлишиш ҳам муҳим эди. Бу каби лойиҳалар ёшларни университет ҳаётида фаол иштирок этишга илҳомлантиради ҳамда ташаббускор ва масъулиятли етакчиларнинг янги авлодини шакллантиришга ёрдам беради», — деб таъкидлади Г.В. Плеханов номидаги РЭУ Тошкент филиали Ёшлар иттифоқи етакчиси Анастасия Гордиенко.

Учрашув самимий руҳда ўтди ва талабаларни университет ташаббусларида ҳамда «РЭУ Лидерлари» дастурининг келгуси лойиҳаларида фаол иштирок этишга илҳомлантирди.