Академик Қаландар Абдураҳмоновнинг «Меҳнат иқтисодиёти ва инсон капиталини бошқариш» илмий мактаби томонидан «Ўзбекистон ва Россиянинг стратегик шериклигини мустаҳкамлаш ҳамда Евросиёнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантиришда Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумининг роли» мавзусида сайёр илмий-амалий семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбир Тошкент вилоятидаги «Livingstone Eco Resort» эко-курорти базасида бўлиб ўтди. У ерда илмий мулоқот, амалий таҳлил ва тажриба алмашиш учун қулай шароитлар яратилди.

Иштирокчиларни қутлар экан, Илмий мактаб раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Қаландар Абдураҳмонов шундай таъкидлади: «…семинаримиз жаҳон иқтисодиётида юз бераётган туб ўзгаришларни илмий-амалий жиҳатдан англаш, Евросиё маконида янги иқтисодий архитектурани шакллантириш, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликнинг замонавий босқичи, шунингдек, Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми – 2026 якунларига бағишланган».
Г.В. Плеханов номидаги РИУ Тошкент филиали томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Профессионал таълимни ривожлантириш институти, шунингдек, бошқа ҳамкор илмий-таълим муассасаларининг илмий тадқиқотчилари, экспертлари ва ёш олимлари фаол иштирок этдилар.

Семинар доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодиёт, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, логистика, рақамли иқтисодиёт, фан, таълим ва инновациялар соҳаларидаги стратегик шерикликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Ушбу ҳамкорликнинг барқарор ривожланиш, технологик янгиланиш ва Евросиёнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Жиззах вилоятининг Фориш туманида интеграциялашган атом электр станциясининг биринчи энергоблокига пойдевор қўйилишининг стратегик аҳамияти алоҳида қайд этилди. Иштирокчилар ушбу лойиҳа Ўзбекистон энергетика соҳасида янги технологик босқични бошлаб беришини, мамлакатнинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлашга, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ҳамда замонавий муҳандислик кадрларини тайёрлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
