Дўстлик ва билим кўприги: Хитой дипломатлари филиал талабалари билан учрашди

Тошкент филиалида талаба-ёшларнинг Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчихонаси дипломатик корпуси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувга биринчи котиб Сунь Чандун бошчилик қилди.

Тадбир Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги халқаро таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш доирасида ташкил этилди. Очиқ мулоқот давомида дипломатлар талабаларга Хитой-Ўзбекистон муносабатлари ривожланишининг замонавий тенденциялари, шунингдек, таълим, фан ва ёшлар сиёсати соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўзлаб бердилар.

Академик мобиллик (талабалар алмашинуви) масалаларига, Хитойнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятларига, талабаларнинг халқаро таълим дастурлари, илмий лойиҳалар ва маданий алмашинувлардаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув иштирокчилари муҳокама қилинган мавзуларга катта қизиқиш билдирдилар. Талабалар дипломатик корпус вакилларига таълим грантлари, касбий ривожланиш истиқболлари, шунингдек, Хитойда таҳсил олиш ва илмий фаолиятнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларни тўғридан-тўғри бериш имкониятига эга бўлдилар.

ХХР Элчихонаси вакиллари икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда ёшларнинг роли муҳимлигини таъкидладилар ҳамда филиал билан таълим ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

 

Ўз навбатида, филиал раҳбарияти бу каби учрашувлар талабаларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларнинг халқаро компетенцияларини ривожлантириш ҳамда хорижий таълим ва илмий муассасалар билан барқарор шериклик алоқаларини шакллантиришда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Учрашув самимий ва конструктив руҳда ўтди ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ёшлари ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир қадам бўлди.