Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси делегацияси биринчи котиб Сунь Чандун бошчилигида Тошкент филиалига амалий ташриф билан келди. Делегация таркибидан, шунингдек, ХХР дипломатик корпуси вакиллари ҳам жой олди.

Филиал раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Қаландар Абдураҳмонов билан бўлиб ўтган учрашув давомида меҳмонларга филиал фаолияти, амалга оширилаётган таълим дастурлари, илмий-тадқиқот ишлари ва халқаро ҳамкорлик ҳақида маълумот берилди. Иқтисодиёт ва ходимларни бошқариш соҳасида кадрлар тайёрлаш, шунингдек, замонавий таълим технологияларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

ХХР Элчихонаси вакиллари олий таълим муассасаси фаолиятининг асосий йўналишлари, унинг 30 йиллик муваффақиятли фаолияти давомида эришган ютуқлари ва истиқболдаги ривожланиш режалари билан танишдилар.

Музокаралар доирасида томонлар таълим, фан ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторидан академик алмашинувларни ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлаш жой олди.

Қаландар Абдураҳмонов филиалда иқтисодиёт фанини ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари, рақамли трансформация ҳамда сунъий интеллект имкониятларини тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Учрашув давомида у меҳмонларга ушбу масалаларга бағишланган ўз монографиялари ва илмий асарларини тақдим этди.
Филиал раҳбарияти янги авлод мутахассисларини тайёрлашда халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида қайд этиб, Хитойнинг таълим ва илмий муассасалари билан шериклик муносабатларини янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Учрашув якунларига кўра, томонлар шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини тасдиқладилар.
