Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалида «КАПИТАЛБАНК» АТБнинг Эко-коворкинг ҳудудининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу маскан билим олиш, ижод қилиш, мулоқот ва ёшлар ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш учун мўлжалланган замонавий макондир.

Лойиҳа ижтимоий-экологик дастур доирасида амалга оширилди ва «КАПИТАЛБАНК» АТБ фаолиятининг 25 йиллигига бағишланди. Янги майдон ўқув, лойиҳа ва жамоатчилик фаолияти учун кенг имкониятларни бирлаштириб, талабалар ва ёшлар учун қулай ҳамда экологик йўналтирилган муҳитни шакллантиради.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Г.В. Плеханов номидаги РИУ Тошкент филиали раҳбари, академик Қаландар Абдураҳмонов шундай деди:
«…“КАПИТАЛБАНК” АТБ филиалимизнинг стратегик ҳамкори ҳамда олий таълим муассасамиз талабалари ва битирувчилари учун энг йирик иш берувчилардан биридир. Университет ва банк ўртасидаги ҳамкорлик узоқ муддатли ва тизимли хусусиятга эга бўлиб, филиал негизида “КАПИТАЛБАНК” АТБнинг ихтисослаштирилган аудиторияси муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Ушбу аудиториядан ўқув жараёни, амалий машғулотлар ҳамда банк ҳамжамияти вакиллари билан учрашувлар ўтказиш учун фойдаланилмоқда».


«…Эко-коворкинг ҳудудининг очилиши филиал билан замонавий таълим инфратузилмасини ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган самарали шерикликнинг мантиқий давоми бўлди. Янги макон ўқиш, илмий ишлар, лойиҳа фаолияти ва мулоқот учун кенг имкониятларни бирлаштириб, ёшлар ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш учун зарур шароитларни шакллантиради», — дея таъкидлади «Капиталбанк» АТБ Кузатув кенгаши Раисининг маслаҳатчиси Оксана Лындина.

Филиал раҳбарияти «КАПИТАЛБАНК» АТБ жамоаси ва раҳбариятига билдирилган ишонч, конструктив ҳамкорлик ҳамда таълимни, инсон капиталини ривожлантириш ва ёшларнинг ўз иқтидорини намоён этишлари учун янги имкониятлар яратишга қўшган улкан ҳиссаси учун самимий миннатдорлик билдирди.

Эко-коворкинг ҳудудининг ташкил этилиши замонавий университет инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим босқич ҳамда Г.В. Плеханов номидаги РИУнинг 120 йиллик қутлуғ санасига тайёргарлик кўришга қўшилган рамзий ҳисса бўлди.
«…Биз талабалар ва ўқитувчилар учун давр талабларига жавоб берадиган ҳамда барқарор ривожланиш маданиятини юксалтиришга хизмат қиладиган қулай, технологик ва экологик йўналтирилган таълим муҳитини яратишга интилмоқдамиз. Эко-коворкинг янги ғояларни илгари суриш, фанлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва университет ҳамжамиятининг муҳим лойиҳаларини рўёбга чиқариш учун энг харидоргир майдонга айланади», — дея алоҳида таъкидлади филиал директори ўринбосари, профессор Нодира Зокирова.

Г.В. Плеханов номидаги РИУ Тошкент филиали «КАПИТАЛБАНК» АТБ жамоасини 25 йиллик юбилейи билан муборакбод этади ҳамда келгуси ривожланиш, янги лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ва энг юксак мақсадларга эришишни тилаб қолади.



