2019 йил 16 сентябрь пойтахтимиздаги “Интерконтиненталь” мехмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази муассисилигида нашр этладиган “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” халқаро журнали тақдимоти бўлиб ўтди.
Конференцияда Г.В.Плеханов номидаги РИУнинг Тошкент филиали ректори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Қ. Абдураҳмонов , шунингдек университетнинг асосий кафедралари мутахассислари иштирок этдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси бош вазиринг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.И.Баситханова, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қошидаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди, Олий Мажлис сенатори, мазкур нуфузли илмий журналнинг бош муҳаррири Д.Г.Ташмуҳамедовалар сўзга чиқдилар.
“Оила” маркази оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш соҳасида етакчи давлат илмий-тадқиқот эксперт муассасаси ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси”ни амалга оширишни мувофиқлаштириш ва мониторинги учун масъулдир.
Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ва амалга оширишга доир “Йўл харитаси”нинг муҳим йўналиши оила ва никоҳ муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш, натижаларини оилалар билан ишлаш амалиётига тадбиқ қилиш, оила муаммоларига бағишланган диссертация ишларини чуқурлаштириш ва мавзулар доирасини кенгайтириш, ижтимоий соҳага ёш ташаббускор илмий ходимларни кенг жалб қилиш ва жаҳон илм-фанида юртимиз ишланмалари рақобатбардошлигини кучайтиришдир.
Айнан, “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорда оила институтини мустаҳкамлаш билан боғлиқ материалларни чоп этиш бўйича илмий журнални таъсис этиш, хорижий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, оилани мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган тадқиқотлар натижаларини республика ва хорижда кенг жамоатчилик эътиборига етказиш тизимини такомиллаштириш вазифаси юклатилган.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан “Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила” номли халқаро журнали таъсис этилиб, унинг илк сони нашр этилди.
Журналнинг асосий вазифаси – фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар натижаларини таҳлилий мақолалар, библиографик ва илмий шарҳлар ҳамда хабарлар, тақризлар, ҳужжатлар, тарихий маълумотномалар ва гендер масалалари ва оила институти соҳасидаги бошқа илмий материаллар кўринишида чоп этишдан иборат.
Тақдимот анжумани журнални эксперт доиралари ва кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида ташкил этилган. Тадбир журнални мазмунан такомиллаштириш бўйича тавсияларни тайёрлаш, соҳа экспертлари доиралари, илмий-тадқиқот муассасалари билан тизимли ҳамкорликни фаоллаштириш, шунингдек Ўзбекистонда оила институни мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатига халқаро жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ўтказилмоқда.
Илмий журналнинг таҳририят кенгаши ва таҳририят хайъати аъзолари мамлакатимизнинг етук сиёсатчилари, парламентарийлари, халқаро миқёсда танилган олимлар ҳамда Германия, Буюк Британия, Қозоғистон, Канада, Қирғизистон, Россия, АҚШ, Тожикистон, Франция, Япония мамлакатларининг кўзга кўринган тадқиқотчи-олимлари, фан арбобларидан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Қ.Х. Абдураҳмонов ўз нутқида таъкидлаганидек, журнал оила ва никоҳ масалаларини ёритиш соҳасида биринчи фанлараро нашр ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) рўйхатига киритилган. Академик Қ. Х. Абдураҳмонов журналнинг икки тилда – рус ва инглиз тилларида чоп этилганлиги сабаби бундай нашринг аҳамияти ва долзарблигини таъкидлади. Журнал гендер масалалари, оила институти, иш билан таъминлашга қаратилган. Журнал шунингдек Ўзбекистонда демографик жараёнларни ўрганиш бўйича мавзуни кенгайтириш имкониятини ҳам назарда тутади.
Мазкур нуфузли илмий нашрнинг бош муҳаррири – “Оила” маркази директори, тиббиёт фанлари номзоди, Олий Мажлис сенатори Д.Г.Ташмуҳамедова. Журнал босма ва электрон шаклда рус ва инглиз тилида 2019 йилда бир йилда икки марта, 2020 йилдан эса, ҳар чоракда нашр этилади. Мазкур илмий нашр халқаро маълумотлар базаларига (SCOPUS, Web of Sciences, EBSCO, Россия илмий иқтибослаш индекси) киритиш учун зарур бўлган ISSN серия рақами халқаро стандарти ва DOI объектнинг рақамли идентификаторига эга. Ундаги барча адабиётлар кирилл ва лотин алифбосида келтириган бўлиши билан бир қаторда, мақолалар инглиз тилидаги аннотацияга ҳам эга.
Таъкидлаш жоизки, журнал хорижий ижтимоий-сиёсий ва эксперт-таҳлилий доираларни Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, болалар ва ёшларни тарбиялаш борасидаги тажриба ҳақида хабардор қилиш, шунингдек мазкур соҳада халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатишга имкон яратмоқда. Шу муносабат билан таҳририят ҳозирда журнални интернет, ижтимоий тармоқлар, халқаро илмий ташкилотларнинг тарқатма варақаларида тарғиб қилиш, халқаро шериклар билан ҳамкорлик шартномалари ва қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, илмий конференция каби тадбирларни ўтказишни режалаштирган. Журналнинг босма версияси билан бирга унинг интернетдаги он-лайн режимдаги махсус сайти –http://sgfjournal.uz ҳам ишга туширилган.