«Халқ сўзи» ва «Народное слово» танлови ғолиблари аниқланди

Бирмунча вақт муқаддам энг улуғ, энг азиз байрам — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти томонидан «Энг яхши мақолалар» танлови эълон қилинган эди. Унда ижодкорлар, ёзувчи-ноширлар, журналистлар, профессор-ўқитувчилар, ёшлар ва бошқалар ўзларининг ижодий ишлари билан фаол иштирок этди.

Танловга ўттиздан ортиқ материаллар тақдим қилинган бўлиб, улар орасидан кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини таъсирчан, самимий ва содда тильда акс эттирган ўнта энг яхши мақола танлов ҳайъати аъзолари томонидан саралаб олинди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра ёзувчи, ношир Бобохон Муҳаммад Шариф, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Николай Илин, академик Қаландар Абдураҳмонов, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Обиджон Ҳамидов, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шаҳноза Эргашхўжаева, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Муҳиддин Пўлатов, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Тўлқин Тешабоев, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Маҳкамов, техника фанлари доктори, профессор Қўнғиротбой Шарипов, тиббиёт фанлари доктори, профессор Жасур Ризаевнинг мақолалари ғолибликка лойиқ топилди.

Куни кеча танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар сўнгги йилларда сўз эркинлигини таъминлаш, матбуотда таҳлилий-танқидий мақолаларни кўпайтириш, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, шунингдек, олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Президентимиз олиб бораётган одилона сиёсатни, юртимиздаги улкан ислоҳотларни очиқ-ошкора, холис ва тезкорлик билан халққа етказишда «Халқ сўзи» ҳамда «Народное слово» газеталарининг ҳам алоҳида ўрни борлиги эътироф этилди.

Якунда танлов ғолибларига таҳририятнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Танлов давом этади. Навбатдаги ғолиблар 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида аниқланиб, рағбатлантирилади.

 «Халқ сўзи».

https://xs.uz/uzkr/62903