ЗАМОНАВИЙ БИЛИМЛАР ВА ЯНГИЧА ДУНЁҚАРАШ МАСКАНИ

Қашқадарёда академик Қаландар Абдураҳмоновнинг “Инсон капитали ва сунъий интеллект” илмий мактаби очилди.

Айни пайтда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшайдиган аҳоли, айниқса, ёшлар ажойиб янгиликдан бохабар бўлди, севинчига севинч қўшилди. Гап шундаки, мазкур тумандаги 1-умумтаълим мактаби ҳузурида айни шу таълим даргоҳида ўқиб, камол топган Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Қаландар Абдураҳмоновнинг навқирон авлодга замонавий билимлар ва янгича дунёқараш асосида таълим-тарбия берадиган “Инсон капитали ва сунъий интеллект” илмий мактаби очилди.

Бугун ушбу таълим муассасасининг очилиш маросими ташкил этилиб, унда вилоят ҳокими, тегишли идора ва ташкилот раҳбарлари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари, кенг жамаотчилик вакиллари жам бўлди.

Дастлаб илмий мактабга саёҳат уюштирилди, қатнашчилар янги таълим даргоҳининг ўзига хос қиёфаси ва имкониятлари билан танишди. Шундан сўнг, тантанали тадбирда сўзга чиққанлар, аввало, академикни бу хайрли ишга қўл ургани билан қутлашди, мактабнинг ўқувчи-ёшлар ҳаётидаги аҳамияти, унинг фаолияти келажакда жамият ва илм-фан, таълим тараққиётига сезиларли улуш қўшиши ҳақида сўз юритдилар.

— Илмий маскан ташкил этилишидан асосий мақсад чироқчиликлар, бу ердаги билим олишга иштиёқманд ўқувчи ҳамда ўқитувчиларга иқтисодиёт соҳасида инсон капитали ва сунъий интеллектни жорий қилишда кўмаклашишдан иборат, — дейди олимнинг шогирди, профессор Баҳодир Умурзоқов. — Шунингдек, ушбу мактаб ёшларимизнинг илмий йўналишдаги билимларини ошириш, келажакдаги касб танловини шакллантириш, замонавий иқтисодий билимларни етказишга йўналтирилган амалий ва илмий-тадқиқот ишларини олиб боришни ҳам ният қилган. Ишончимиз комилки, мазкур илмий мактаб фаолияти йўлга қўйилиши келажагимиз эгаларининг илм-фанга бўлган қизиқишини янада оширади, иқтисодиёт соҳасидаги замонавий билим ҳамда тажрибалар билан ўртоқлашишда камарбаста бўлиб хизмат қилади.

Айтиш жоизки, мактаб фаолияти қатъий режа асосида олиб борилади. Масалан, даргоҳдаги экспонатлар доимий тарзда янгиланиб борилади ва мактаб инвентарига киритилади, уларнинг сақланиши қатъий назорат қилинади. Ва илмга чанқоқ ёшлар ва янги билимлар билан танишиш истагидаги ўқитувчилар учун бир қатор имкониятларни тақдим этади.

Хусусан, яқин вақтлар ичида мактаб фаолияти билан таништириш мақсадида туманда жойлашган бошқа таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчиларини режа асосида таклиф қилиш ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, илмий мактаб ҳозирданоқ режа асосида вилоятда фаолият олиб бораётган олийгоҳлар раҳбарлари, олимлар, ҳудудлар раҳбарлари билан ҳар ойда илмий, амалий тадбирлар ўтказиб туришга шай. Албатта, ўтказиладиган тадбир ҳамда мулоқотларда академик Қаландар Абдураҳмоновнинг ўзи ҳам қатнашиб боришни мақсад қилган.
Ўқув йили давомида эса бошқа умумтаълим мактабларидаги ёшларни инсон капитали ва сунъий интеллект бўйича илмий-амалий билимлар билан таъминлаш мақсадида бир қатор ишларни амалга ошириш кўзда тутилган. Ўқув дастурларини янгилаш ҳамда қўшимча курслар жорий қилиш, инсон капитали ва сунъий интеллект мавзулари бўйича ўқув дастурларига алоҳида фанлар ёки модуллар киритиш, “Ёш академиклар” тайёрлаш курсини ташкил қилиш шулар жумласидандир.

Мактабнинг келажакда амалга оширишни режалаштирган ишлари ҳам диққатга сазовор. Яъни, яқин йилларда мактабда инсон капитали ва унинг иқтисодиётдаги аҳамияти ҳақида махсус курслар ёки қўшимча машғулотлар ташкил этилади, билим талабгорлари сунъий интеллектни амалда қўллашни ўрганиши учун компьютер лабораториялари иш бошлайди. Робототехника, кодлаш ва алгоритмлар тузиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилади. Турли хил онлайн платформаларда амалий дастурлаш, маълумотлар таҳлили ва сунъий интеллект бўйича курслар очилади.

Айни чоғда, мактабда ўқитувчилар тажрибасини ошириш, билимини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, уларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун илмий-амалий тадбирлар ташкил этилади, инсон капитали ва сунъий интеллект мавзулари бўйича қайта тайёрлаш курслари ўтказилади, халқаро тажриба алмашиш дастурларига жалб этилади.

Шунингдек, келажакда халқаро ўқув ташкилотлари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорлик ўрнатиш, ўқувчиларни ана шундай учрашувларга тайёрлаш, сунъий интеллект соҳасидаги замонавий ишланмаларни мактабларда синовдан ўтказиш учун халқаро грантлар ва дастурлардан унумли фойдаланиш режалаштирилган.

Илмий мактабнинг тантанали очилиш маросимида бир қатор ташкилот ҳамда идоралар раҳбарлари, олимлар ZOOM платформаси орқали табрик йўллашди. Тадбир якунида янграган куй-қўшиқлар даврага ўзгача файз бағишлади.