Қутлуғ тўйга “Академнашр” нашриёти томонидан ҳам муносиб тўёна ҳозирланди.
Мамлакатимизда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси ниҳоятда қадрланади. Ардоқли шоиримизнинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги ўрни беқиёсдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 2 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида юртимизда улуғ шоир таваллудининг 80 йиллигини муносиб нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қутлуғ тўйга «Академнашр» нашриёти томонидан ҳам муносиб тўёна ҳозирланди. Ушбу нашриёт томонидан Устоз Абдулла Орипов ҳақидаги хотираларни ўзида жамлаган «Ўзбекистон – дилбар ватаним» деб номланган китоб нашр этилди. Мазкур китоб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, таниқли олим, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, бадиий адабиёт ва шеърият мухлиси Қаландар Абдураҳмонов ҳамда таниқли ижодкор Ғулом Мирзолар муаллифлигида чоп этилган.
«Кейинги йилларда биз Қарши шаҳрида бунёд этилган Абдулла Орипов музейини бир неча бор зиёрат қилдик, – дейди муаллифлар. – Севимли шоиримиз номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатдаги учрашувларда иштирок этдик. Ушбу мактабда, аввало, бадиий ижод билан шуғулланадиган – кўзлари ёниқ, истиқболи ёруғ ёш истеъдод соҳиблари билим олаётганига бевосита амин бўлдик. Энг муҳими, ана шу навқирон йигит-қизларнинг барчаси устоз Абдулла Ориповнинг ижодини нафақат севиб ўрганмоқда, балки тарғиб қилиш билан ҳам шуғулланмоқда. Айниқса, таълим масканининг инглиз тили ўқитувчилари Дилнавоз Муродова билан Гулноза Ҳамидова атоқли шоиримиз шеърларини инглиз тилига таржима қилиш борасида астойдил иш олиб бораётганидан ниҳоятда қувондик. Ушбу таълим даргоҳидаги учрашувларда билдирилган таклиф ва истакларни инобатга олиб Абдулла ака ҳақидаги турли йилларда нашр этилган китобларимиз, матбуотда эълон қилинган мақола, эссе тақризларимизни ягона муқова остида жамлашга жазм этдик».
Китобнинг биринчи қисми «Абдулла Орипов сийрати» деб номланади. Ушбу қисмдан узоқ йиллар Олий Мажлис депутатлари сифатида ардоқли шоиримиз билан фаолият юритган, олис ва яқин юртлар сафарларида ҳамроҳлик қилиб, ҳаётда доимо ўзаро дўст ва дилкаш ҳамсуҳбат бўлган инсон – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидовнинг севимли шоиримиз билан қарийб 30 йиллик мулоқотлари асносида қоғозга туширилган эссе, мақола ва хотиралари жой олган.
Иккинчи қисми «Буюклар каҳкашонида» деб номланган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, таниқли олим, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, бадиий адабиёт ва шеърият мухлиси Қаландар Абдураҳмоновнинг ушбу бўлимдан жой олган хотира-эссеси замонавий ўзбек адабиётининг ёрқин вакили Абдулла Орипов хотирасига бағишланган.
Китобнинг учинчи қисми «Жондек азиз хотира» деб номланган. Бинобарин, Абдулла Орипов ҳаётининг кейинги йилларида Устозни зиёрат қилиб, суҳбатларини олиш учун борган шогирдларнинг самимий гурунглари нафаси уфуриб турган ёдномалар ана шу қисмга киради.
Тўртинчи қисм «Юрт танҳо, Ватан танҳо: Абдулла Орипов ёди матбуот кўзгусида» деб номланган. Ушбу ардоқли қисм шоиримиз вафотидан кейин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хотира, ёднома ва хабарларни ўзида мужассам этган.
Китобга «Ўзбекистон – дилбар Ватаним» деган жарангли номни танлашда ҳам атоқли шоиримизнинг машҳур «Баҳор» шеъридаги:
«Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон – дилбар Ватаним», –
деган мисраларга асосланганимиз бежиз эмас. Чунки Абдулла Орипов бутун умр Ватанимиз табиати ва инсонларини, эл-юртимиз тарихи, бугунги куни ҳамда келажагини ҳассос руҳ ва юксак даҳолик билан тараннум этган.
Абдулла Орипов нафақат атоқли шоир ва таржимон, айни чоғда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи, таниқли давлат ва жамоат арбоби, дилкаш ва оқибатли инсон сифатида ҳам халқимиз хотирасида абадий сақланиб қолажак.
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири
https://yuz.uz/news/ozbekiston–dilbar-vatanim