Ўқитувчи — бу шунчаки касб эмас. Бу авлоддан-авлодга ўтиб келаётган билим, өз вақтида айтилган фойдали маслаҳат ва ёш инсонга ўз кучига ишонишга ёрдам берувчи қўллаб-қувватлашдир.


Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида тантанали тадбир бўлиб ўтди, унинг энг муҳим воқеаси ўқитувчилар ва ходимларни тақдирлаш маросими бўлди.
Байрам куни, ҳар куни таълим муҳитини яратувчи, билим ва тажрибасини улашувчи, талабаларни қўллаб-қувватлайдиган ҳамда уларга касбий ва шахсий йўналишларни белгилашда кўмаклашувчи инсонларга энг муҳим сўзларни айтиш учун қулай фурсат бўлди.

Профессор-ўқитувчилар жамоасига мурожаат қилар экан, филиал раҳбари, ЎзР ФА академиги Қ.Х. Абдурахмонов, ўқитувчи касбининг ўзига хос аҳамиятини таъкидлаб ўтди: «Шарқда азал-азалдан ўқитувчиларга юксак ҳурмат кўрсатилган. Бугун биз уларни мураббийлар деб атаймиз. Ушбу байрам талаба ёшларга ўз билим ва кўникмаларини бағишлайдиган, маслаҳат ҳамда ҳаётий тажрибаси билан кўмаклашадиган барча инсонларга бағишланади».


Ўқитувчи ва ходимларнинг юксак профессионализми, донолиги ва фидойилиги учун алоҳида миннатдорлик сўзлари изҳор этилди.

Ҳар бир мукофот ортида — кундалик меҳнат, масъулият, касб тажрибаси ва умумий ишга қўшилган ҳисса турибди. Ҳар бир фамилия орти эса университетнинг ривожланишига ва талабаларнинг келажакдаги касб сари янада ишончли қадам ташлашига ёрдам берадиган инсондир.


Бугунги кунда мураббийлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу эндиликда фақат аудиториядан аудиторияга билим узатишгина эмас. Бу — авлодлар мулоқоти, тажриба алмашиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда фақат дарсликлар орқали эмас, балки катта касбий йўлни босиб ўтган инсонларнинг ўзларидан ўрганиш имкониятидир.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни — таълим берувчи, тўғри йўл кўрсатувчи ва илҳомлантирувчиларга яна бир бор «раҳмат» дейиш учун ажойиб фурсат!
Тадбир доирасида филиалнинг спортчи-талабаларининг ота-оналари ҳам таклиф этилди. Фарзандларининг қўлга киритган ютуқларига қўшган ҳиссаси, уларни қўллаб-қувватлагани ва тарбия қилгани учун миннатдорлик рамзи сифатида филиал раҳбарияти ота-оналарга ташаккурномалар топширди.
Ўқитувчилар талабалар билан саховат билан баҳам кўрадиган билимлар уларга янги муваффақиятлар, эътироф ва шогирдларнинг миннатдорлиги бўлиб қайтишини тилаймиз.
Байрамингиз муборак бўлсин, қадрли ўқитувчилар, олимлар, мураббийлар ва филиал ходимлари!
Тантанали байрам оши ушбу кунги тадбирларга якун ясади. Филиал жамоаси илиқ, норасмий муҳитда байрам зиёфатидан баҳраманд бўлиб, яхши кайфият улашдилар.