Шу кунларда Ўзбекистонда Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб, “Аёлга эҳтиром” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигига кўмаклашиш ва умуман тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган.
Бугунги кунда мамлакатимиз аёллари бизнес соҳасида ҳам тобора фаоллашиб, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйнамоқда, иқтисодиёт ўсишига ҳисса қўшмоқда. Изчил ва инновацион ёндашув орқали тадбиркорлик салоҳиятини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар аёллар ҳаётига ижобий ўзгариш олиб киряпти. Гендер тенглик масаласи ва тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, муваффақиятли амалга оширилиши белгиланган мақсад – Янги Ўзбекистонни ривожлантириш жараёнида хотин-қизлар иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
Аёллар бизнес билан шуғулланиш учун етарли салоҳиятга эга, деб ўйлайман. Зеро, уларнинг ижодий ва профессионал жиҳатдан ўзини рўёбга чиқара олиш қобилияти ўзи ва вақтини эркин бошқара олишида намоён бўлади. Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил ичида аёллар тадбиркорлиги иқтисодий ўсишнинг муҳим омилларидан бирига айланди. Хотин-қизлар савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда фаол. Таълим-тарбия соҳасига ижтимоий йўналтирилган бизнес лойиҳаларининг 90 фоизи айнан аёллар томонидан йўлга қўйилгани эътиборли. Бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш орқали ташаббускор аёллар иқтисодий мустақиллигини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади. Тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали уларнинг молиявий мустақиллиги ва бандлигини ошириш жамият тараққиётининг муҳим шартидир.
2025 йил январь ойида Ўзбекистон корхоналари томонидан 55,8 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Аёллар раҳбарлик қилаётган корхоналар бу кўрсаткичга салмоқли ҳисса қўшган.
Янги иш ўринлари ташкил қилиш, иқтисодий ўсиш ва фаровонликни ошириш нуқтаи назаридан аёлларнинг миллий иқтисодиётимизга қўшаётган ҳиссаси ниҳоятда бебаҳо.
Илгари муҳандислик ёки тадбиркорлик асосан эркаклар йўналиши ҳисобланган. Энди эса бундай тамойиллар аҳамиятини йўқотиб, ёшларга намуна бўла олган аёл-муҳандислар, тадбиркорлар кун сайин кўпаймоқда.
2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда 283 600 якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтган. Бу ўтган йилга нисбатан 17,91 фоиз кўп. Қонуний тадбиркор хотин-қизларимиз сони қарийб 18 000 кўпайиб, жами 121 300 нафарга етди.
Миллий лойиҳалар ва дастурлар амалга ошириш доирасида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, фарзандли аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари изчил ҳал қилинмоқда, нафақа олувчилар тоифаси ва сони оширилди. Шахсий бизнес юритиш кўникмасини ўзлаштириши учун аёлларга маслаҳат ва молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда банк тизими иштироки ортмоқда. Соҳага замонавий ечимлар жорий этилмоқда. Микрокредитбанк, Халқ банки ва Бизнесни ривожлантириш банки ҳамкорлигида ишга туширилган loyihalar-fabrikasi.uz платформаси бунга яққол мисол. Хусусан, Микрокредитбанк тайёрлаган, тавсия этилган 250 бизнес-лойиҳани ўз ичига олган махсус тўплам хотин-қизларимизга бизнес-режа ишлаб чиқишга кўмаклашувчи амалий қўлланма сифатида маҳалла, туман, шаҳарларга тарқатилади. Платформада ҳудудлар ихтисослашувига мос тавсиявий бизнес-режа, кредит бериш шарти каби зарур маълумотлар тақдим этилган.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2024 йил Сирдарё вилоятида 3806 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектига жами 55,3 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Шундан 51 фоизи, аниқроғи 28,3 миллиард сўми 2220 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Бунинг самараси ўлароқ, уларнинг бандлиги таъминланди.
Қатор ташкилотлар томонидан вилоятларимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича улкан ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ўтган йил Қашқадарё вилоятидаги 300 нафардан зиёд хотин-қиз “Maърифат манбаи” лойиҳаси доирасида гиламдўзлик, кигиздўзлик, каштачилик ва онлайн-тижорат асоси бўйича ўқитилди. Турли шаҳарлар, чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар “Қишлоқ жойларида тадбиркор аёллар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш” лойиҳасида иштирок этиб, уларнинг 200 нафардан кўпи маҳорат дарсларида ўқитилди. Улар томонидан лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган маҳсулотлар “Ҳунарманд” уюшмаси Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарлари бўлими қўмагида сотилмоқда. Энг муҳими, бу маҳсулотлар сайёҳлар орасида харидоргир.
Ўзбекистон аёллари – миллатнинг олтин фонди. Меҳнатсевар, оқила, ташаббускор ва иродали аёллар нафақат мамлакатимиз, балки чет элда ҳам ибрат бўла олади. 2024 йил BBC дунёнинг илҳомлантирувчи ва обрўли аёллари рўйхатини эълон қилди. Ҳамюртимиз Дилором Йўлдошева ҳам ушбу рўйхатга кирган. Фожиали воқеа туфайли икки оёғидан айрилган аёл ногиронлигига қарамай, ўзида куч ва шижоат топиб, шахсий тикув бизнесини очади ва ишчилар, мактаб ўқувчилари учун форма тикиш бўйича шартномалар тузади. Унинг саъй-ҳаракати туфайли ўнлаб аёллар иш ва барқарор даромадга эга бўлдилар.
Маълумки, тадбиркорликда инсоннинг етакчилик, ғолибликка интилиш ва шу билан бирга аёлларга хос бошқа фазилатлар ҳам талаб этилади: сезгирлик, зийраклик, баҳсли масалани ҳал этиш учун муроса қила олиш, оилавий манфаатни бизнес билан уйғунлаштириш. Таҳлилчилар фикрича, аёллар тадбиркорлиги даражаси юқори мамлакатлар молиявий инқирозга камроқ мойил бўлиб, иқтисодий ўсиш суръати секинлашувига камроқ дуч келади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Халқаро хотин-қизлар куни арафасида бизнинг гўзал, оқила, кучли ва айни дам дилбар аёлларимизни айём билан табриклаб, уларга мустаҳкам соғлик, хонадонларига файз-барака, ишларига омад тилайман!
Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,
Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг
Тошкент шаҳридаги филиали директори,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги.