Шаҳрисабзда “Абдулла Орипов ва Қаландар Абдураҳмонов номидаги илмий-тадқиқот маркази” фаолияти йўлга қўйилди

Жорий йил 26 май куни Шаҳрисабз давлат педагогика институти ҳузурида “Абдулла Орипов ва Қаландар Абдураҳмонов номидаги илмий-тадқиқот маркази”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур марказнинг ташкил этилиши институт ҳаётида, шунингдек, Шаҳрисабз илмий-маърифий муҳитида муҳим тарихий, маънавий ва илмий воқеа бўлди.
Тантанали маросимни Шаҳрисабз давлат педагогика институти ректори, профессор Машъал Саидов очиб берди. У ўз нутқида янги илмий-тадқиқот маркази ёш авлодни миллий маънавият, адабиёт, илм-фан ва тафаккур анъаналари руҳида тарбиялаш, буюк сиймолар меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш, талабаларни илмий изланишларга руҳлантириш йўлида муҳим маскан бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Маросимда таниқли ўзбек иқтисодчи олими, Ўзбекистон ва Тожикистон Фанлар академиялари академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳмонов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа Орипова, шоирнинг ўғли Илҳом Орипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов, сенатор, профессор Абдураҳим Эркаев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шарофиддин Хакимович Назаров, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали магистр талабалари, институт профессор-ўқитувчилари, талабалар, меҳмонлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

 

Тадбир давомида марказнинг рамзий лентаси кесилди. Меҳмонлар марказда яратилган шарт-шароитлар, илмий адабиётлар, экспозициялар ва маънавий-маърифий материаллар билан яқиндан танишдилар. Марказ фаолиятида Абдулла Ориповнинг юксак адабий-маънавий мероси, миллий шеърият ва Ватанга садоқат ғоялари, шунингдек, академик Қаландар Абдураҳмоновнинг илм-фан, инсон капитали, меҳнат иқтисодиёти, таълим ва миллий тараққиётга бағишланган илмий қарашларини ўрганиш ва тарғиб қилиш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланди.
Очилиш маросимида сўзга чиққанлар Абдулла Орипов ва Қаландар Абдураҳмоновнинг мамлакатимиз илм-фани, адабиёти, маънавий-маърифий тараққиёти, ёшлар тарбияси ва миллий тафаккур ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этдилар. Янги марказ илм ва маънавият уйғунлигини таъминлаш, ёшларни китобхонликка, илмий изланишларга, ижодий фикрлашга ва юксак инсоний фазилатларни эгаллашга даъват этувчи муҳим маърифат маскани бўлиши таъкидланди.

Тадбир доирасида академик Қаландар Абдураҳмонов ҳамда Ҳанифа Орипова томонидан илмий-тадқиқот маркази фондини бойитиш мақсадида қимматли илмий, бадиий ва ижодий тўпламлар совға қилинди. Бу китоблар ва материаллар келгусида талабалар, ёш тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда адабиёт ва илм-фанга қизиқувчи ёшлар учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Марказ очилиши муносабати билан ижодий учрашув ҳам ташкил этилди. Унда талабалар томонидан Абдулла Орипов шеърларидан намуналар ўқилди, адабий-бадиий чиқишлар ва концерт дастури намойиш этилди. Мазкур ижодий муҳит тадбирга алоҳида руҳ бағишлаб, ёшларда миллий адабиёт, маънавият ва илмга бўлган қизиқишни янада кучайтирди.
“Абдулла Орипов ва Қаландар Абдураҳмонов номидаги илмий-тадқиқот маркази”нинг ташкил этилиши Шаҳрисабз давлат педагогика институтида илм-фан, адабиёт ва маънавият уйғунлигини янада мустаҳкамлаш, ёшларни миллий қадриятлар, юксак маърифат ва илмий тафаккур асосида тарбиялаш йўлида муҳим қадам бўлди. Ишончимиз комилки, ушбу марказ келгусида ёш олимлар, талабалар ва изланувчилар учун маърифат, илмий изланиш, ижодий тафаккур ва амалий тадқиқотлар масканига айланади.