Россотрудничествонинг юбилейи билан табрик

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали директори Қаландар Абдураҳмонов Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ирина Старосельскаяга ташкилот фаолиятининг 25 йиллиги муносабати билан табрик йўллади.


Табрикномада Россотрудничество чорак аср давомида Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги гуманитар, таълим ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим майдонига айлангани, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар ташаббуслари, фан ва таълимни қўллаб-қувватлашга салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланган.
Ташкилотнинг ёшлар учун таълим имкониятларини кенгайтиришдаги алоҳида роли ҳамда Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ва Россотрудничество ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорликнинг қадрли эканлиги алоҳида қайд этилган.

Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали раҳбарияти ва талабалари Ўзбекистон Касаба уюшмалари саройида Россотрудничествонинг Ўзбекистондаги 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам концертида иштирок этдилар.

Тадбирда Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алексей Ерхов, дипломатик корпус вакиллари, Россия олий ўқув юртларининг Ўзбекистондаги филиаллари раҳбарлари, таълим ва маданий ташкилотлар мутасаддилари, шунингдек, халқаро таълим ҳамда гуманитар лойиҳалар иштирокчиси бўлган талабалар қатнашдилар.

Дастур ижодий жамоаларнинг концерт чиқишларини ҳамда Россотрудничествонинг фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшган шерикларини тақдирлаш маросимини ўз ичига олди.