Тошкентда илк бор Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари таълим, фан, маданият ҳамда бизнес соҳалари вакилларини бирлаштирган «Цивилизациялар уйғунлиги ва ҳамкорлик» халқаро форуми бўлиб ўтди. Ташкилотчилар сифатида Халқаро Конфуций ассоциацияси ва Тошкент давлат шарқшунослик университети иштирок этди.

Форум ишида Г. В. Плеханов номидаги РИУнинг Тошкент филиали вакиллари иштирок этдилар.
2020 йилда ташкил этилган ва бундан аввал Пекин, Токио, Сингапур, Париж ҳамда Бангкок шаҳарларида бўлиб ўтган ушбу форум илк бор Ўзбекистонда ўтказилди. Бу эса мамлакатнинг Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги мулоқот учун муҳим майдон сифатидаги ролини яна бир бор таъкидлайди.
Тадбирда илмий ҳамжамият, таълим муассасалари, бизнес ва жамоат ташкилотларининг 200 дан ортиқ вакиллари қатнашди. Иштирокчилар ўз маърузаларида цивилизациялараро мулоқот, гуманитар ҳамкорлик ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳимлигини қайд этдилар.
Форум иши тўртта соҳавий кичик форумлар (подфорумлар) доирасида давом этди.
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект даврида халқаро кадрларни тайёрлашга бағишланган Ректорлар форуми шулар жумласидандир. Хорижий олий таълим муассасалари вакиллари бўлган иштирокчилар рўйхатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Г.В. Плеханов номидаги РИУ Тошкент филиали раҳбари Қаландар Абдураҳмонов ҳам бор.

Филиал олимлари ва экспертлари «Сунъий интеллект ва гуманитар фанлардаги инновациялар» мавзусидаги давра суҳбати давомида СИнинг таълимга таъсири ва фанлараро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Улар кадрлар тайёрлашда гуманитар компонентни сақлаб қолган ҳолда, сунъий интеллектни таълим жараёнига интеграция қилиш зарурлигини таъкидладилар.
Янги авлод мутахассисларини тайёрлашнинг муҳим майдони сифатида, РИУ Тошкент филиалидаги Сунъий интеллект илғор муҳандислик мактабини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, форум доирасида олимлар, ёшлар ва тадбиркорларнинг кичик форумлари (подфорумлари) бўлиб ўтди. Уларда минтақанинг Хитой билан кўп асрлик алоқалари ва ўзгариб бораётган халқаро вазиятда ҳамкорлик истиқболлари, маданиятлараро мулоқотнинг аҳамияти ҳамда минтақа давлатлари ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, бизнес этикаси, корпоратив ижтимоий масъулият ва Хитой ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунларига кўра, иштирокчилар минтақа давлатлари ўртасида гуманитар, таълим ва ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.