Академик Қаландар Абдураҳмоновнинг мақоласи «Правда Востока» газетасида чоп этилди

«ПЕТЕРБУРГ МУЛОҚОТИ: ШЕРИКЛИКНИНГ ЯНГИ УФҚЛАРИ»

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Қаландар Абдураҳмоновнинг ушбу номли мақоласи 2026 йил 10 июнь куни «Правда Востока» газетасининг «Эксперт фикри» рукнида чоп этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 29-Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПХИФ) иштирок этиш учун Санкт-Петербург шаҳрига ташрифи Ўзбекистон-Россия стратегик шериклигини ривожлантириш ва Евроосиёнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантиришда муҳим воқеа бўлди. Жаҳон иқтисодиётидаги чуқур таркибий ўзгаришлар шароитида ПХИФ нафақат ишбилармонлик мулоқоти майдони, балки савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларида амалий ечимлар ишлаб чиқиш макони сифатида ҳам намоён бўлмоқда.

Форумнинг кўлами унинг алоҳида аҳамиятга эга эканлигини тасдиқлайди. 2026 йилда ПХИФда 142 та мамлакат вакиллари иштирок этди, қатнашчиларнинг умумий сони 24,5 минг кишидан ошди, форум майдонида эса умумий қиймати 6 триллион рублдан зиёд бўлган мингдан ортиқ келишув ва битимлар имзоланди. Бу кўрсаткичлар форумнинг инвестициявий, технологик ва гуманитар ташаббусларни илгари суришда реал механизмга айланганидан далолат беради.

ПХИФнинг «Прагматик мулоқот — барқарор келажак сари йўл» шиори остида ўтгани рамзий маънога эга. Ушбу формула Янги Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий сиёсатига тўлақонли мос келади. Прагматик мулоқот қуруқ баёнотларни эмас, балки ишонч, ўзаро манфаатдорлик ва амалий натижаларга асосланган аниқ ечимларни англатади. Айнан мана шундай ёндашув бугунги кунда Ўзбекистоннинг Россия ва бошқа стратегик шериклар билан муносабатларини белгилаб бермоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида замонавий дунё чуқур қайта қуриш даврига қадам қўйганини алоҳида таъкидлади. Транспорт йўналишлари ўзгармоқда, янги ишлаб чиқариш занжирлари шаклланмоқда, рақамли платформалар, сунъий интеллект, логистика, энергетика хавфсизлиги ва технологик суверенитетнинг роли тобора кучайиб бормоқда.