2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун

Бу йил халқимизнинг маданий ва маънавий меросини, унинг тарихи, мақсад ва умидларини ўзида мужассам этган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганига 34 йил тўлади.

Г.В. Плеханов номидаги РИУ Тошкент филиалида халқимизнинг бой маданий ва маънавий меросини, унинг кўп асрлик тарихини, миллий қадриятларини, тинчлик, бунёдкорлик ва фаровонликка интилишини акс эттирувчи энг муҳим давлат рамзларидан бири – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинганининг 34 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир давомида ўқитувчилар ва талабалар Давлат гербининг яратилиш тарихи, ундаги рамзларнинг маъноси ҳамда давлат атрибутларининг миллий ўзликни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик туйғусини ва мамлакат тарихи ҳамда анъаналарига нисбатан ҳурматни тарбиялашдаги ролини муҳокама қилдилар. Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, суверенитети ва бирлиги рамзи бўлиб, халқнинг мақсадлари, умидлари ва интилишларини ўзида мужассам этишига алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда филиал талабалари ушбу қутлуғ санага бағишланган мавзули ватанпарварлик акциясида фаол иштирок этдилар. Тадбир қатнашчилари ўзларининг фуқаролик позициясини, давлат рамзларига бўлган ҳурматини ҳамда мустақил Ўзбекистон қадриятларига содиқлигини намойиш этдилар.

Бу каби тадбирларнинг ўтказилиши ёшларда юқори ҳуқуқий ва фуқаролик маданиятини шакллантиришга, ватанпарварлик туйғуларини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг миллий рамзларига нисбатан авайлаб-асраш муносабатини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

1992 йил 2 июлда «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди, унга мувофиқ мамлакатимиз герби Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, ҳокимликлар, қўмиталар, ташкилотлар, бошқарув муассасалари, дипломатик ваколатхоналар биноларининг пештоқларига жойлаштирилди.

Герб тасвири давлат муассасаларининг муҳрлари ва бланкаларида, расмий нашрларда, миллий валютада, қимматли қоғозлар ва маркаларда, фуқаролик паспортларида акс эттирилади. Мамлакатимизга кириш жойида ўрнатилган Давлат герби қалбларни фахр ва ифтихор туйғусига тўлдиради.

Давлат гербимиз халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажагини акс эттиради. Ҳар бир ранг ва элемент ўз рамзий маъносига эга. Поёнсиз водий узра қуёш нурлари таралмоқда – бу гўзал юртимизни тараннум этувчи манзарадир. Муҳташам тоғлар оша оқиб ўтувчи дарёлар абадийликни, халқнинг улуғ мақсадларини англатади. Гербнинг юқори қисмида олтин суви юритилган ҳошияли кўк рангли саккиз қирралик жойлашган бўлиб, унинг ичида халқ озодлиги ва бирлигини ифодаловчи оқ рангли ярим ой ва беш қиррали юлдуз тасвирланган. Буларнинг барчаси миллий анъана ва қадриятларнинг бардавомлигини, юксак маънавият, ирода ва эътиқодни англатади.

Гербимизнингчамбараги олтин бошоқлар ва ёш пахта шохларидан иборат. Пахта ва ғалла қадимдан тўкин-сочинлик ва фаровонлик манбаи ҳисобланган. Ўз навбатида, бу мамлакатимизда қадим замонлардаёқ деҳқончилик маданияти ривожланганлигидан далолат беради.

Гербнинг марказида бахт қуши Ҳумо – эрксеварлик ва эзгулик рамзи жойлашган. Гербнинг пастки қисмида, республика давлат байроғини акс эттирувчичамбарак тасмасида биз учун азиз ва муқаддас бўлган «Ўзбекистон» сўзи ёзилган.

Ҳар бир рамз, ҳар бир элемент халқимизнинг қадр-қиммати, фахри ва шонини, тарихий хотирасини мужассам этади, унинг тинчлик ва фаровонликка эришиш йўлидаги орзу-истаклари ва интилишларини акс эттиради. Давлат герби ҳар биримиз учун шараф, ҳурмат манбаи бўлиб хизмат қилиш билан бирга, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим восита ҳисобланади.

Давлат рамзларини ҳурмат қилиш – ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Давлат рамзлари, жумладан, мамлакатимиз герби ҳам қонун билан муҳофаза қилинади. «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, республикада турган бошқа шахслар Давлат гербини ҳурмат қилишлари шарт.

Давлат рамзлари халқимизнинг ғоялари ва озодлигини мужассам этади, бинобарин, уларни ҳурмат қилиш ва эъзозлаш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.