Инсон капитали – прогрессив жамият ривожланишининг асоси

Замонавий иқтисодиётнинг асосларидан бири — бу номоддий активлардир, яъни бизнесда фойдаланиладиган ва фойда келтирадиган, аммо жисмоний хусусиятга эга бўлмаган воситалардир. Илмий ишланмалар, технологиялар, брендлар, муаллифлик ҳуқуқлари ва ишчанлик обрўси (гудвилл) бунга мисол бўла олади. Бироқ энг қимматли иқтисодий ресурс инсон капитали бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Инсоннинг шахсий фаровонлиги ҳамда умуман иқтисодиётнинг гуллаб-яшнаши айнан инсон капиталига боғлиқ.

Бугунги Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодиётида инсон капитали моҳиятини англаш масаласи энг устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Чунки амалдаги саноат, тоғ-кон ва қайта ишлаш корхоналарининг технологик ҳамда ишлаб чиқариш базасини модернизация қилмасдан туриб, технологик ривожланиш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш йўлларини тасаввур қилиб бўлмайди. Шу муносабат билан, ишлаб чиқариш омилларининг ўзаро таъсир занжирида инсонга эътибор қаратиш ва «Бугунги кунда инсоннинг ўзи қандай рол ўйнамоқда ва у ўзида қандай капитални мужассам этган?» деган саволни ўртага ташлаш лозим.

Ўзбекистоннинг қонунчилик ва ташкилий ташаббуслари нафақат барқарор, балки жадал (прорывной) иқтисодий ўсишга тезроқ эришишга қаратилган. Бундай ўсишнинг бош ҳаракатлантирувчи кучи (драйвери) эса инновациялардир. Ушбу контекстда инновациялар яратилиши мумкин бўлган манбаларни ва уларни кимлар генерация қила олишини тушуниш жуда муҳим. Бундан инновацион инфратузилмаларни ўрганиш зарурати келиб чиқади. Мазкур соҳага бўлган қизиқиш академик доираларда ҳам яққол кўзга ташланмоқда — инновацион инфратузилмаларнинг моҳияти, шакллари ва турлари фаол тадқиқ этиляпти. Шундай шакллардан бири олий таълим муассасасининг инновацион инфратузилмасидир. Бугунги кунда олий ўқув юртлари нафақат янги авлод малакали кадрлари ва бошқарувчиларини тайёрлаш, балки янги кашфиётлар ҳамда бизнес лойиҳаларини яратиш нуқтаи назаридан ҳам амалиётга йўналтирилган таълим трендини белгилаб бермоқда.

Махсус ва умумий таълим инсоннинг билим даражасини ошириб, инсон капитали сифатини юксалтиради. Замонавий жамиятда билим, инновациялар ва ахборот технологиялари тобора асосий фойда манбаига айланиб бормоқда. Билимлар иқтисодиёти — бу инновацион иқтисодиётдир. Билим товар ва хизматлар таннархи таркибида тобора катта улушни эгаллаб, иқтисодий ривожланиш ва ўсишнинг асосий ресурсига айланмоқда.

Инсон ўзининг билими, малакаси ва тажрибаси билан жуда муҳим ва шу билан бирга, ҳали тўлиқ фойдаланилмаган ресурс ҳисобланади. Шу боис, сўнгги йилларда уни турли даражаларда ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инсон капитали иқтисодий ўсишни нафақат меҳнат унумдорлигини ошириш, балки янги ғоя ва инновацияларни яратиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш орқали ҳам таъминлайди, шунингдек, уларни қабул қилиш ва тарқатишни осонлаштиради. Мамлакатимиз учун эса, модернизация ва инновацион ривожланишга қаратилган курс туфайли, бу жуда катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистон 38 миллиондан ортиқ аҳолиси билан Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган ва минтақадаги энг ёш демографик таркибга эга мамлакатдир. Бу контекстда бизнинг ҳудудларимиз миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг бебаҳо ресурсига айланмоқда, уларда инсон капиталини юксалтиришга хизмат қилувчи улкан имкониятлар ва потенциал мужассам.

Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалида ушбу йўналишга — таълим жараёнларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга катта эътибор берилмоқда. Қишлоқ ёшларида илмий фикрлаш, рақамли компетенциялар ва сунъий интеллект соҳасидаги кўникмаларни ривожлантириш мақсадида, 2024 йил сентябрь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги 1-сонли мактабда «Инсон капитали ва сунъий интеллект» илмий мактабини ташкил этдик. Ўтган давр мобайнида ушбу илмий мактаб доимий диққат-марказимизда бўлиб келмоқда. Биз мактабга ёрдам бериб, мавжуд муаммоларни ҳал этишда кўмаклашяпмиз.

Яқинда делегациямиз ушбу мактабга ташриф буюрди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, ЎзР ФА академиги Акмал Саидов, Чироқчи тумани ҳокими Баҳодир Худойқулов, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Гулсора Сулаймонова, шунингдек, РИУ Тошкент филиали педагоглари, ўқувчилари, ходимлари ва магистратура талабалари иштирок этдилар. Ташриф давомида меҳмонлар мактаб фаолияти натижалари ва унинг ташкилий даражасига юқори баҳо бердилар. Иштирокчилар инсон капитали, фан, таълим ва сунъий интеллект масалаларини муҳокама қилдилар, энг фаол ўқувчи ва талабалар эса эсдалик нишонлари билан тақдирландилар.

Инсон капиталининг ўсиши замонавий иқтисодий тизимнинг ўзига хос хусусияти бўлиб, у инсоннинг қандай расмий таълим ва кўникмаларга эга эканлиги, улардан қанчалик тез-тез ва самарали фойдаланиши билан белгиланади. Ижодкор ва маҳсулдор ишчи кучи миллатнинг узоқ муддатли иқтисодий муваффақиятига салмоқли ҳисса қўшади, одамлар эга бўлган билим ва кўникмалар эса уларга глобал иқтисодий тизимда қиймат яратиш имконини беради. Юқори малакали ходимларсиз номоддий активларни яратиш ҳам, улардан самарали фойдаланиш ҳам мумкин эмас, демак, кейинги инновациялар ва ишлаб чиқариш ўсиши ҳам амалга ошмайди. Истеъдодли ва маҳоратли ходимлар компаниялар муваффақиятини белгиловчи асосий омил ва номоддий активларнинг бош таркибий қисми ҳисобланади.

Бугунги иқтисодиётни «инсон капитали иқтисодиёти» ёки «билим капитали иқтисодиёти» деб аташ тўғрироқ бўларди. Америкалик иқтисодчи, Иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати Гэри Беккер (ушбу мукофотни инсон капитали назариясини ривожлантиргани учун ҳам олган) ўзининг «Инсон капитали даври» номли асарида шундай деган эди:

«Агар технологиялар иқтисодиётнинг мотори бўлса, инсон капитали унинг ёнилғисидир».

Замонавий академик дунёда инновацион инфратузилмани шакллантириш ва ривожлантириш, унинг шаҳарлар, ҳудудлар ва мамлакатлар трансформациясига таъсири билан боғлиқ масалаларга катта эътибор қаратилмоқда. Аксарият маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар бир фикрга қўшиладилар: мамлакатнинг ривожланган инновацион инфратузилмаси бутун иқтисодиёт ривожланишининг драйвери бўлиб, шу билан бир вақтда фуқароларнинг турмуш даражасини оширади.

Мамлакатлар рақобатбардош ва инновацион бўлишга интилаётган ҳозирги иқтисодий шароитда инсон капиталининг роли биринчи планга чиқади. Инсон иқтисодий ривожланишнинг бош драйверидир, инсон капиталига инвестиция киритиш эса иқтисодиётни рағбатлантириш, инновацияларни жорий этиш ва давлатнинг жаҳон майдонидаги хавфсизлигини таъминлашнинг асосий воситасига айланмоқда. Инсон потенциали — бу инсонга айнан ўша драйвер бўлиш имконини берувчи билимлар, кўникмалар, саломатлик ва бошқа омиллар йиғиндисидир.

Инсон капиталини шакллантириш расмий ва норасмий таълим, шунингдек, амалий тажриба тўплаш орқали амалга оширилади. Тизимли таълим ва профессионал тайёргарлик ишчи кучи сифатининг трансформациясини белгиловчи фундаментал омиллардир. Таълим даражаси ва давлатнинг узоқ муддатли иқтисодий барқарорлиги ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик борлиги ҳақидаги фикр кенг тарқалган.

Олий ўқув юртларининг аҳамияти ва зарурлиги шундаки, улар иқтисодий муносабатларнинг энг муҳим элементлари — илмий ташкилотлар, давлат, бизнес ва истеъмолчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги учун майдон яратади. Бизнес ҳамжамияти компаниялар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида янги иқтидорли ходимларни жалб қилиш ва инновацион ғояларни излаш учун университетлар жамоаси билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Сифатли таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш инсон капиталининг юксалишига хизмат қилади, бу эса ўз навбатида аҳоли унумдорлиги ва фаровонлигининг ошишига олиб келади. Ушбу жиҳат жадал рақамлаштириш ва меҳнат бозорининг трансформацияси каби глобал чақириқлар шароитида алоҳида долзарблик касб этмоқда.

Инсон капиталининг меҳнат унумдорлигига таъсири шубҳасиздир. Юқори малакали мутахассислар нафақат вазифаларни бажариш самарадорлигини оширадилар, балки инновацион жараённинг асосий агентлари сифатида чиқиб, иқтисодий ўсишни рағбатлантирадилар. Инновациялар, тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида, тўғридан-тўғри уларни яратиш ва ҳаётга татбиқ этишни таъминлайдиган инсон капитали даражасига боғлиқ. Ўзбекистоннинг иқтисодиётни диверсификация қилишга интилиши шароитида инсон капиталини ривожлантириш ушбу мақсадларга эришишнинг критик (энг муҳим) омилига айланмоқда.

Тез ўзгарувчан технологик муҳитда доимий равишда ўрганиш ва мослашиш қобилияти асосий рақобатдош устунликка айланади. Бу таълим муассасалари томонидан ҳам, иш берувчилар томонидан ҳам таълим ва инсон ривожланишига мослашувчан ёндашувни талаб қилади ва бу узоқ муддатли иқтисодий ривожланиш стратегиясига киритилиши керак. Сифатли таълимдан тенг фойдаланишни таъминлаш, ўз-ўзини намоён қилиш ва профессионал ўсиш учун қулай шароитлар яратиш — буларнинг барчаси ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий тараққиётга хизмат қилади. Корпоратив рақобатбардошликни, иқтисодий ўсишни ва умумий иқтисодий самарадорликни белгиловчи асосий омил ускуналар ёки инвентарлар эмас, балки айнан инсон капиталидир.

Шундай қилиб, инсон капитали миллий иқтисодиётнинг муҳим қисмидир. Глобаллашув ва тез ўзгарувчан меҳнат бозори шароитида айнан инсон ресурслари келажакда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши ва глобал рақобатбардошлигини белгилаб беради. Сўнгги ўн йилликларда иқтисодий, ижтимоий ўзгаришлар ва трансформациялар давом этаётган Ўзбекистонда инсон капиталини тушуниш ва ривожлантириш давлат ва жамият олдида турган энг муҳим вазифадир.

 

ЎзР ФА академиги,

Г.В. Плеханов номидаги РИУ Тошкент филиали директори

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ