БУХОРО ДАВЛАТ ТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИДА АКАДЕМИКЛАР ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ

Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали раҳбари, Ўзбекистон ва Тожикистон Фанлар академиялари академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Каландар Абдураҳманов Бухоро давлат техника университетида профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва ёш олимлар билан мулоқот қилди.

Тадбирда Бухоро давлат техника университети ректори Садоқат Сиддиқова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов, шунингдек, университет жамоаси ва ёш тадқиқотчилар иштирок этдилар.
Мулоқотда мамлакат тараққиёти учун муҳим бўлган инсон капиталини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш хусусида фикр алмашилди.

Академик Каландар Абдураҳманов технологик янгиланишлар меҳнат бозорининг мазмуни ва касблар таркибини ўзгартираётгани, натижада янги билим, кўникма ва компетенцияларга эҳтиёж ортиб бораётганини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, олий таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларни кучайтириш, ёшларни истиқболли касбларга тайёрлаш ҳамда тадқиқот натижаларини иқтисодиёт амалиётига жорий этишнинг аҳамияти қайд этилди.

Айниқса, Бухоро давлат техника университетида академик Каландар Абдурахманов раҳбарлигидаги «Инсон капитали ва сунъий интеллект» илмий мактабининг кўплаб шогирдлари хусусан проф. Хайитов Шербек, доц. Жумаева Дилафрўз, доц. Авезова Шахнозалар самарали фаолият юритаётгани мамнуният билан эътироф этилди. Бу эса устоз-шогирд анъаналарининг изчил давом этаётгани ва академик мактабнинг ҳудудларда ҳам муносиб давомчилари шаклланганидан далолат беради.

Академик Акмал Саидов билан фикр алмашувда мулоқотнинг алоҳида қисми Нақшбандия тариқатининг бой маънавий-маърифий меросига бағишланди. Унинг илм ва маърифатга интилиш, ҳалол меҳнат, поклик, масъулият ва инсон камолотига асосланган қадриятлари бугунги авлод тарбияси учун ҳам катта аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тадбир доирасида академик Каландар Абдурахмановнинг меҳнат иқтисодиёти, инсон капитали, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллектга бағишланган китоблари Бухоро давлат техника университети кутубхонасига совға қилинди. Ушбу асарлар талабалар, докторантлар, ёш олимлар ва профессор-ўқитувчилар учун муҳим илмий-услубий манба бўлиб хизмат қилади.

Мазмунли мулоқот академиклар ва ёшлар ўртасидаги устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш, янги ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, илм-фан ютуқларини иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш билан уйғунлаштиришга хизмат қилди.

Бухоро, 15 август 2026 йил