БУХОРОДА АКАДЕМИКЛАР ВА ЁШЛАР МУЛОҚОТИ ДАВОМ ЭТМОҚДА: КЕЙИНГИ МАНЗИЛ – БУХОРО ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ

Юқорида хабар берганимиздек, Бухорода академик илм-фан ва олий таълим вакилларини бирлаштираётган илмий-маърифий учрашувлар изчил давом этмоқда. Навбатдаги манзил Бухоро давлат университети бўлди.

Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали раҳбари, Ўзбекистон ва Тожикистон Фанлар академиялари академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Каландар Абдурахманов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов Бухоро давлат университетига ташриф буюрдилар.
Меҳмонларни университет ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Обиджон Ҳамидов кутиб олди. Ташриф давомида олийгоҳнинг таълим ва тадқиқот салоҳияти, илмий мактаблари, замонавий инфратузилмаси, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш борасидаги тажрибаси ҳамда истиқболли лойиҳалари билан яқиндан танишилди.
Шундан сўнг профессор-ўқитувчилар, докторантлар, илмий изланувчилар, ёш олимлар ва иқтидорли талабалар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Суҳбат марказида замонавий университетнинг жамият тараққиётидаги ўрни, академик илм-фан ва олий таълим ҳамкорлигини чуқурлаштириш, тадқиқотларни мамлакат ҳамда ҳудудларнинг амалий эҳтиёжларига йўналтириш масалалари турди.

Академик Каландар Абдурахманов бугун университет фақат билим берувчи таълим муассасаси эмас, балки инсон капиталини шакллантирадиган, янги ғоя ва технологияларни яратадиган, иқтисодиёт ва жамият муаммоларига илмий ечим таклиф этадиган интеллектуал марказ бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, университетларда олиб борилаётган изланишлар ҳудудларнинг реал ижтимоий-иқтисодий муаммоларига илмий асосланган ва амалиётга татбиқ этиладиган ечимлар таклиф қилиши зарурлигига эътибор қаратилди.


Университет ректори Обиджон Ҳамидов билан фикр алмашувда академик илм-фан ва олий таълим ўртасидаги алоқаларни янги мазмун билан бойитиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий мактаблар тажрибасидан кенг фойдаланиш, докторантлар ва иқтидорли талабаларни устувор изланишларга жалб этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташрифнинг эзгу анъанага айланган яна бир муҳим қисми сифатида Бухоро давлат университети кутубхонасига академик Каландар Абдурахмановнинг инсон капитали, меҳнат иқтисодиёти, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект йўналишларига бағишланган китоблари совға қилинди. Ушбу асарлар талабалар, докторантлар, ёш олимлар ва профессор-ўқитувчилар учун фойдали илмий манба бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.


Бухоро давлат университетидаги мулоқот академиклар тажрибаси билан ёшларнинг изланиш ва ташаббусларини бир майдонда бирлаштирди. Бундай учрашувлар устоз-шогирд илмий ворислигини мустаҳкамлаш, янги ғояларни рағбатлантириш ва илм-фан натижаларини мамлакат тараққиётига хизмат қилдириш учун муҳим замин яратмоқда.