ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ ВА БУХОРО ВИЛОЯТИ ҲОКИМЛИГИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари билан учрашиб, ҳудудда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада кучайтириш, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувда Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали раҳбари, Ўзбекистон ва Тожикистон Фанлар академиялари академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳманов ҳам сўзга чиқиб, Бухоро вилоятининг илмий ва инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини ошириш, замонавий меҳнат муносабатларини ривожлантириш ҳамда меҳнат бозорини иқтисодиётнинг янги талабларига мослаштириш бўйича ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Академик Қаландар Абдураҳманов, шунингдек, сунъий интеллект технологияларининг меҳнат бозори ва аҳоли бандлигига таъсири, янги касб ва компетенцияларни шакллантириш, ёшларни замонавий меҳнат бозори талабларига тайёрлаш, илмий ишланмаларни ҳудуд иқтисодиётининг аниқ муаммоларини ҳал этишга йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашувда илм-фаннинг натижадорлигини фақат илмий ишланмалар сони билан эмас, балки уларнинг ҳудуд иқтисодий ўсиши, янги иш ўринлари яратилиши, аҳоли даромадлари ва турмуш фаровонлиги ошишига қўшаётган амалий ҳиссаси билан баҳолаш зарурлиги таъкидланди.


Мулоқот якунида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, олимларнинг илмий салоҳиятини Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кенг жалб этиш ҳамда истиқболли илмий ва инновацион ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш учун янги имкониятлар яратади.