Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиалида спорт-туризм тадбирининг амалий қисми бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Бош университет ҳамда Москва вилояти «Сила спорта» («Спорт кучи») минтақавий жамоатчилик спорт ташкилоти томонидан, Россия Федерацияси Спорт вазирлигининг грант кўмагида амалга оширилаётган филиаллараро спорт-ватанпарварлик «Яшаб қолиш мактаби: РЭУ “Зарница”» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Тадбир жисмоний чидамлилик, интизом, жамоада ишлаш кўникмаларини ҳамда туристик ва фавқулодда вазиятларда ўзини тутиш сирларини ривожлантиришга қаратилди. Иштирокчилар нафақат спорт тайёргарлигини, балки ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш, бир-бирларини қўллаб-қувватлаш ва биринчи ёрдам кўрсатиш қобилиятларини ҳам намойиш этдилар.

Дастур чигалёзди машқлари, спорт-туризм синовлари, югуриш, ўтириб-туриш, полдан таяниб кўтарилиш (отжимание), арқон тортиш, жамоавий эстафеталар ва «планка» машқи бўйича чемпионатни ўз ичига олди. Барча босқичлар чидамлилик, диққатни жамлаш ва жамоавий ҳамкорликни талаб этди.
Дала тиббиётига алоҳида эътибор қаратилди. Талабалар жабрланувчининг ҳолатини баҳолаш, лат ейиш ва ҳашаротлар чаққанда биринчи ёрдам кўрсатиш, шунингдек, одамни «курсича» (стульчик) усулида хавфсиз ташиш кўникмаларини амалда синаб кўрдилар. Амалий топшириқлар иштирокчиларга фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш асосларини ўзлаштиришга ва жамоада тўғри ҳамкорлик қилишни ўрганишга ёрдам берди.

Тадбир фаол ва дўстона руҳда бўлиб ўтди. Иштирокчилар юқори даражадаги қизиқиш, ғалабага интилиш, рақибларга нисбатан ҳурмат ва сафдошларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини намойиш этдилар.

Бош университет дастури бўйича ташкил этилган «Яшаб қолиш мактаби: РЭУ “Зарница”» лойиҳаси спорт маданиятини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, жамоавий руҳни мустаҳкамлаш ҳамда ёшлар ўртасида масъулият, ўзаро ёрдам ва ватанпарварлик қадриятларини тарбиялашга хизмат қилади.