РЕЖИССЁР ЭЛДОР ЙЎЛДОШЕВ БИЛАН ТОШКЕНТ ФИЛИАЛИДА ИЖОДИЙ УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

Тошкент филиалида режиссёр Элдор Йўлдошев билан ижодий учрашув ҳамда унинг ўзбек учувчиси Абдусамат Тайметовнинг кўрсатган жасоратига бағишланган фильмининг намойиши бўлиб ўтди.

Элдор Йўлдошев – Истанбул киноакадемияси академиги, Миллий Оскар қўмитаси аъзоси, ишчи гуруҳ раҳбари, С.А. Герасимов номидаги ВГИКнинг (Бутунроссия давлат кинематография институти) хориждаги илк филиали биринчи раҳбаридир.

Учрашув давомида режиссёр талабаларга «Тайметов – Ғалаба элчиси» («Тайметов – вестник Победы») фильми устида олиб борилган ишлар, ҳужжатли кинонинг ўзига хос хусусиятлари ва тарихий хотирани сақлаб қолишнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Фильм Ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб суратга олинган бўлиб, Абдусамат Тайметовнинг қаҳрамонона ҳаёт йўлига бағишланган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида у душман ортидаги партизан отрядларига таъминот етказиб бериш учун 109 марта тунги жанговар парвозни амалга оширган.

Унинг таржимаи ҳолида 1945 йил 9 майдаги парвоз алоҳида ўрин тутади — ўшанда у Ли-2 самолёти экипажи таркибида Берлиндан Москвага Германиянинг сўзсиз таслим бўлиши (капитуляцияси) тўғрисидаги Актни ва Ғалаба байроғини олиб келган эди. Жаҳон ҳарбий тарихидаги ушбу ноёб воқеа узоқ вақт давомида сир сақланиб келинган.

Фильм халқаро майдонда аллақачон эътироф этилиб, бир қатор нуфузли мукофотлар лауреатига айланди, улар жумласидан: II «Евразия-Кинофест» халқаро кинофестивалининг матбуот соврини; XIX «Диалог культур» («Маданиятлар мулоқоти») халқаро медиа-форумининг «Энг яхши фильм» махсус дипломи; XXXIV «Золотой Витязь» («Олтин рицарь») халқаро кинофорумининг «Энг яхши дебют» номинациясидаги ғалабаси; Лондонда бўлиб ўтган Independent International Film Festival & Awards SIFFA UK халқаро кинофестивалида «Энг яхши ҳужжатли фильм» соврини.

Режиссёр Элдор Йўлдошев, продюсер Саидрасул Имамов ва сценарий муаллифи Муяссар Мақсудованинг ушбу иши архив материалларига бўлган синчковлик билан ёндашув, тарихий аниқлик ва қаҳрамонлар хотирасига нисбатан чуқур ҳурмат билан ажралиб туради.

Талабалар ва ўқитувчилар баҳс-мунозараларда фаол иштирок этиб, режиссёрга унинг ижодий йўли ва режалари, ватанпарварлик онгини шакллантиришда кинонинг ўрни, шунингдек, Абдусамат Тайметов шахсининг замондош авлод учун аҳамияти ҳақида саволлар беришди. Учрашувда қаҳрамонлик, бурч, фидойилик ҳамда ўз мамлакати тарихини ўрганишнинг нечоғлиқ муҳимлиги каби мавзуларга тўхталиб ўтилди.

«Маърифат улашиб» лойиҳаси доирасидаги ижодий учрашувлар туркуми филиал талабалари ва ўқитувчиларида доимо катта қизиқиш уйғотиб, олий таълим муассасасининг маданий ҳаётида ҳамда талаба-ёшларнинг ватанпарварлик тарбиясида муҳим воқеага айланди, дея таъкидлади тадбир якунида Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали раҳбарияти вакиллари.