Илмий мулоқот, амалий таҳлил ва тажриба алмашиш: сайёр семинар якунлари

Сайёр семинарнинг илмий қисмида «Фан, инновациялар ва инсон капитали – Янги Ўзбекистон технологик тараққиётининг пойдевори» мавзусида маъруза тақдим этилди. Маърузада мамлакатни янада ривожлантириш бевосита илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш, инновацион муҳитни шакллантириш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш ҳамда келажак иқтисодиёти учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ эканлиги асослаб берилди.

«…Ҳамкор олий таълим муассасалари вакиллари билан биргаликда университетларнинг янги миссияси, профессионал таълимни модернизация қилиш, кадрлар тайёрлашни меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқлаштириш, шунингдек, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект шароитида инсон капиталини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдик. Замонавий университет нафақат таълим муассасаси, балки фан, инновациялар, рақамли технологиялар ва амалий тадқиқотларнинг стратегик маркази сифатида ҳам фаолият юритиши лозим», – деб таъкидлади тадбир модератори, филиал директори ўринбосари, профессор Нодира Зокирова.

Муҳокамалар якунлари бўйича иштирокчилар академик Қаландар Абдураҳмоновнинг «Меҳнат иқтисодиёти ва инсон капиталини бошқариш» илмий мактабини янада ривожлантириш, фан ва амалиёт ўртасидаги алоқани кучайтириш, ёш олимларни тадқиқот фаолиятига кенг жалб этиш, халқаро илмий-таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда инсон капитали ва меҳнат бозори соҳасида амалий тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича амалий таклифлар киритдилар. Тадбир юқори ташкилий даражада ўтгани ҳамда муҳим илмий, амалий ва стратегик аҳамиятга эга бўлгани қайд этилди.

Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Сайёр илмий-амалий семинар-тренинг Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликни илмий таҳлил қилиш, Евросиёнинг янги иқтисодий кун тартибини англаш, инсон капитали ва меҳнат бозорини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда халқаро илмий-таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдонга айланди.