Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзоларининг олий ва профессионал таълим муассасалари талабалари ҳамда ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали талаба-ёшлари иштирок этган ушбу учрашувда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинаётган янги қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳамда Қонунчилик палатаси фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, уларга сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар, Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳамда Ёшлар парламенти фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.

Очиқ ва самимий мунозаралар давомида талабалар қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш, биринчи ва иккинчи ўқишга тайёрлаш ҳамда ялпи мажлис муҳокамасига киритиш билан боғлиқ муҳим масалалар бўйича чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.
Учрашувда депутатлар ёшларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтардилар.

Шу куни талабалар Қонунчилик палатасининг диққатга сазовор жойлари, жумладан, Олий Мажлис тарихига бағишланган музей, парламент кутубхонаси ва қонунлар қабул қилинадиган катта мажлислар зали билан танишдилар.
Депутатлар билан бўлиб ўтган мулоқот давомида талабалар қонун ижодкорлиги, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарининг иш услублари, шунингдек, парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдилар, таълим соҳасида қабул қилинган қонунлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тасаввур ҳосил қилдилар. Бу ушбу соҳанинг бўлажак вакиллари учун жуда фойдали бўлди.

«Халқ вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотимиз ҳар томонлама самарали ва фойдали бўлди. Учрашув давомида қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, муҳокамалар, баҳс ва мунозаралар жараёни ҳақида маълумот олдик. Шунингдек, палата фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Қонунчилик палатаси ёш китобхонларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Айниқса, замонавий илмий, ҳуқуқий ва бадиий адабиётларга ҳар томонлама бой бўлган парламент кутубхонаси бизда катта таассурот қолдирди», — дея учрашувдан сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашди талабалар.
Бу каби форматдаги учрашувлар ёшларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида янада фаол иштирок этишига ҳамда парламент ҳақидаги билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.