Тошкент филиали «Микрокредитбанк» АТБ билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Амалиёт, кариера, ҳамкорлик: Тошкент филиалининг «MKB CAREER EVENT 2026» тадбиридаги иштироки якунлари.

Г.В. Плеханов номидаги РЭУ Тошкент филиали раҳбарияти 3–4-босқич талабалари билан биргаликда «Микрокредитбанк» АТБ томонидан ташкил этилган «MKB CAREER EVENT 2026» тадбирида иштирок этди.

Тадбир дастури доирасида талабалар банкнинг кариера имкониятлари билан танишдилар, мавжуд бўш иш ўринлари (вакансиялар) ва стажировка дастурлари ҳақида маълумот олдилар. «Микрокредитбанк» АТБ асосий департаментлари раҳбарлари банкнинг ташкил топиш тарихи, унинг асосий ютуқлари, фаолият йўналишлари ва истиқболдаги ривожланиш режалари ҳақида сўзлаб беришди. Учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларни бериш ва банк вакилларидан батафсил жавоблар олиш имкониятига эга бўлдилар.

Банк соҳаси ривожланиши тарихидаги қизиқарли ва кам маълум бўлган фактларга бағишланган интерактив викторина-хакатон талабаларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Ушбу мусобақа билимларни синовдан ўтказиш ва касбий дунёқарашни кенгайтириш имконини берди.

Тадбирнинг муҳим якуни Г.В. Плеханов номидаги РЭУ Тошкент филиали ва «Микрокредитбанк» АТБ ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши бўлди. Ушбу ҳужжат юқори малакали кадрларни тайёрлаш, қўшма таълим ва касбга йўналтириш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, талабалар учун амалиётга йўналтирилган тадбирларни ташкил этиш соҳасида узоқ муддатли, самарали ва ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантиришга қаратилган.

 

Томонлар услубий ва амалий қўллаб-қувватлаш, таҳлилий маълумотлар алмашиш ҳамда бўлажак мутахассисларни тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш соҳасида ўзаро алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

«Микрокредитбанк» АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Иброҳимжон Мамажонов банкнинг филиал билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан юқори даражада манфаатдор эканлигини таъкидлади. У талабаларда энг харидоргир касбий компетенцияларни шакллантиришга хизмат қилувчи амалий семинарлар, маҳорат дарслари ва бошқа тадбирларни ўтказишга банк мутахассисларини жалб этиш муҳимлигини алоҳида қайд этди.

Битимнинг имзоланиши университет ва иш берувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди ҳамда талабаларнинг касбий ривожланиши ва уларнинг банк соҳасига муваффақиятли интеграциялашуви (мослашуви) учун янги имкониятлар очди.