«Народное слово» газетасида (2026 йил 30 январь) Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Каландар Абдурахмоновнинг илмий-ўқув йўналишдаги муҳим янгилиги ҳақида мақола эълон қилинди. Унда академикнинг «Labor Economics in the Era of Artificial Intelligence» («Сунъий интеллект даврида меҳнат иқтисодиёти») номли китоби АҚШда инглиз тилида нашр этилгани ва бу ҳолат ўзбек илмий мактабига бўлган халқаро қизиқиш ҳамда эътирофнинг яна бир далили экани таъкидланади.
Мақолада қайд этилишича, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган шароитда меҳнат муносабатлари, касблар таркиби, бандлик шакллари ва иш унумдорлигига таъсир кучаймоқда. Янги ўқув қўлланма (дарслик) ана шу ўзгаришларни меҳнат иқтисодиёти нуқтаи назаридан тизимли таҳлил қилади, сунъий интеллектнинг меҳнат бозорига таъсири, янги турдаги бандлик шакллари, ижтимоий ҳимоя ва “муносиб меҳнат” масалаларига алоҳида эътибор қаратади.
Шунингдек, материалда Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича давлат сиёсати ва ислоҳотлар контексти ёритилиб, илм-фан, таълим ва маҳаллий жамоаларнинг миллий тараққиётдаги ўрни кучли экани урғуланади. Муаллифнинг ёндашуви халқаро тажрибани Ўзбекистон шароитига мос қўллаш, назарияни амалий таҳлил ва кейслар билан уйғунлаштиришга асослангани таъкидланади.
Мақолада академик Каландар Абдурахмоновнинг халқаро илмий-академик алоқалари, жумладан, хорижий университетлар билан ҳамкорлик тажрибаси, меҳнат иқтисодиёти мактабидаги илмий мероси ва таълим жараёни учун замонавий услубий асослар яратишдаги ҳиссаси ҳам алоҳида қайд этилган.
Мақола муаллифи: Акмал Саидов, академик.