Академик Қаландар Абдураҳмонов Чироқчидаги “Инсон капитали ва сунъий интеллект” илмий мактабида

Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, иқтисод фанлари доктори, профессор, Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали директори Қаландар Абдураҳмонов Чироқчи туманидаги 1-сон умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган “Инсон капитали ва сунъий интеллект” илмий мактабига ташриф буюрди.

Мазкур илмий мактаб академик Қаландар Абдураҳмонов ташаббуси ва илмий раҳнамолигида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда у ўқувчи ёшларда илмий тафаккур, интеллектуал салоҳият, рақамли билимлар ва сунъий интеллектга қизиқишни шакллантиришга хизмат қилаётган муҳим маърифий-илмий майдонга айланмоқда.


Ташриф давомида илмий мактабда амалга оширилган ишлар, йиллик сарҳисоб натижалари, ўқувчиларнинг илмий-ижодий изланишлари, устозлар меҳнати ва мактаб жамоаси томонидан олиб борилаётган самарали фаолият атрофлича муҳокама қилинди. Академик Қаландар Абдураҳмонов илмий мактабда ишлар изчил, мазмунли ва юқори даражада ташкил этилаётганини мамнуният билан эътироф этди.


Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори, профессор Акмал Саидов, Чироқчи тумани ҳокими Баходир Худойқулов, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Гулсора Сулаймонова, мактаб маъмурияти, устозлар, фаол ўқувчи ёшлар ҳамда Г.В. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиалидан ташриф буюрган бир гуруҳ иқтидорли талабалар иштирок этдилар.


Учрашув самимий, мазмунли ва юксак руҳда ўтди. Унда инсон капитали, таълим, илм-фан, сунъий интеллект, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва уларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни ҳақида муҳим фикрлар билдирилди. Академиклар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг ҳаётий ва илмий тажрибаларидан баҳраманд бўлиш ўқувчи ва талабалар учун катта илҳом манбаи бўлди.


Тадбир доирасида ўз билими, интилиши, жамоатчилик ишларидаги фаоллиги ва эришган ютуқлари билан ажралиб турган бир гуруҳ ўқувчилар ҳамда Плеханов университети Тошкент филиалидан ташриф буюрган талаба ёшлар эсдалик нишонлари билан тақдирландилар.

Шубҳасиз, Чироқчи заминида икки нафар академик иштирокида ўтган ушбу учрашувни туман таълим ва илмий-маърифий ҳаётидаги тарихий воқеа, десак муболаға бўлмайди. Бундай учрашувлар ёш авлод қалбида илмга муҳаббат, Ватанга садоқат, юксак мақсадлар сари интилиш ва келажакка ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Тадбир юқори савияда, самимий муҳитда ва катта таассуротлар билан ўтди.